“Одил судлов – 2030”: инсон қадри, ҳуқуқ ва адолатнинг мустаҳкам кафолати
Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 14 августда имзоланган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги фармон мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим тарихий ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.
Мен нодавлат нотижорат ташкилоти вакили сифатида мазкур фармонда белгиланган инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, суд-ҳуқуқ тизимида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган вазифаларни муҳим, деб ҳисоблайман.
Зеро, адолат фақат суд залида қарор қабул қилиниши эмас. Адолат ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини билиши, уларни ҳимоя қила олиши, давлат идораларига мурожаат қилганда эса унинг мурожаати эшитилиши ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши деганидир.
Фармонда суд тизимини “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари” ва “рақамли одил судлов” каби устувор йўналишлар асосида ривожлантириш белгилаб берилгани эътиборга молик. Айниқса, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш бугунги давр талабларига мос муҳим вазифалардир.
Бизнинг марказимиз фаолиятида аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини билишига кўмаклашиш ҳамда фуқаролик фаоллигини кучайтириш муҳим йўналишлардан биридир. Шу нуқтаи назардан, мазкур фармон бизни ҳам ўз фаолиятимизни янада кучайтиришга, аҳолига ҳуқуқий билимларни содда ва тушунарли шаклда етказишга ундайди.
Шу нуқтаи назардан, “Одил судлов – 2030” стратегияси биз, жамоатчилик вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Энди аҳолига ҳуқуқий билимларни фақат расмий ва мураккаб тилда эмас, балки содда, аниқ ва тушунарли шаклда етказиш, фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, хотин-қизлар, ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ҳамда чекка ҳудудларда яшаётган фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, суд хизматларини аҳолига янада яқинлаштириш, замонавий электрон хизматларни ривожлантириш ва “ягона дарча” тамойили асосида қулайликлар яратишга қаратилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳуқуқини билган аёл ўзини ва оиласининг келажагини ҳимоя қила олади. Ҳуқуқини билган ёш жамият тараққиётининг фаол ва масъулиятли иштирокчисига айланади. Ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинадиган жамият эса, шубҳасиз, адолатли, барқарор ва кучли давлатни барпо этади.
Ишонамизки, “Одил судлов – 2030” стратегияси инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади.
Гулҳаё Равшанова,
Навоий вилоятидаги “Зиёкор аёллар ва ёшлар” маркази раҳбари.
ЎзА