Зўравонликнинг олдини олиш – жамият хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шарти
Бугун юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. Айниқса, хотин-қизлар ва вояга етмаганларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ҳуқуқий ва ижтимоий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Зеро, оиладаги осойишталик нафақат бир хонадон, балки бутун жамият барқарорлигининг муҳим омилидир. Хотин-қизларга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқ, инсон қадр-қимматини камситиш, дўппослаш каби ҳолатлар нафақат жабрланувчининг ҳуқуқларини бузади, балки фарзандлар тарбияси, оила муҳити ва жамиятдаги ижтимоий муносабатларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу масалага муносабат тубдан ўзгарди. Илгари оилавий низолар кўпинча “эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги”, “оилавий жанжал” сифатида қабул қилиниб, унинг ҳуқуқий оқибатларига етарлича эътибор қаратилмаган бўлса, бугун тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланмоқда.
Тасаввур қилайлик: турмуш ўртоғи билан келишмовчиликка борган аёл можаро янада кескинлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилади. У ерда профилактика инспектори, маҳалла раиси ёки ижтимоий ходим билан суҳбатлашиб, муаммосига ечим излайди. Аммо мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаса, масъуллар унга жиддий ёндашмаса, оддий низо аста-секин катта жанжалга айланиши мумкин.
Оқибатда эса вазият жисмоний зўравонликкача бориб етади. Шундан сўнггина тезкор чоралар кўрилади, масъуллар хонадонга ташриф буюради, ҳимоя механизмлари ишга тушади.
Ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам айнан шу – муаммони оқибат босқичида эмас, унинг илдизида бартараф этиш. Шу маънода, маҳалла тизимидаги ҳар бир масъулнинг вазифаси фақат ҳисобот кўрсаткичларини бажариш эмас, балки хонадондаги ижтимоий муҳитни ўрганиш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлаш ва хавфни олдиндан аниқлашдан иборат бўлиши керак.
Айниқса, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини эрта аниқлашда маҳалла, профилактика инспектори, ижтимоий ходим, хотин-қизлар фаоллари ва бошқа масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарур.
Бугун ижтимоий ҳимоя тизимида инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар шаклланмоқда. Жабрланган шахсга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, психологик қўллаб-қувватлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича механизмлар такомиллаштирилмоқда.
Бироқ реабилитациядан кейин ҳам зўравонликнинг такрорланиши жиддий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Агар зўравонлик содир этган шахс билан профилактик ишлар самарали олиб борилмаса, жабрланувчи яна ўша муҳитга қайтса ёки хавф омиллари бартараф этилмаса, аввалги ҳолат такрорланиши мумкин.
Шу боис профилактика тизимида “ҳолат содир бўлди – чора кўрилди” тамойилидан “хавф аниқланди – олди олинди” тамойилига ўтиш муҳим.
Тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш ҳам муҳим.
Бугун маҳалла Янги Ўзбекистон ислоҳотларида инсон билан давлат ўртасидаги энг яқин ва таъсирчан бўғинга айланмоқда. Шу сабабли оилавий низоларнинг олдини олишда ҳам маҳалланинг роли беқиёс.
Маҳалла масъуллари учун энг муҳим вазифа фуқаро оғир аҳволга тушганидан кейин эмас, балки муаммонинг дастлабки белгиси пайдо бўлган пайтда уни қўллаб-қувватлашдир.
Аёлнинг мурожаатига “оилавий масала” сифатида эмас, балки унинг хавфсизлиги ва ҳуқуқлари билан боғлиқ масала сифатида ёндашиш зарур. Бир қарашда оддий туюлган тортишув ортида узоқ вақт давом этган руҳий босим, иқтисодий қарамлик ёки жисмоний зўравонлик яширин бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир мурожаат жиддий ўрганилиши, хавф даражаси баҳоланиши ва зарур ҳолларда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида аниқ чора-тадбирлар белгиланиши лозим.
Зўравонликка қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу маҳалла, оила, таълим муассасалари, ижтимоий ҳимоя тизими, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг умумий масъулияти.
Энг муҳими, жамиятда зўравонликка нисбатан бефарқлик ва муросасизлик муҳитини шакллантириш зарур. “Оилавий иш”, “эр-хотиннинг ўртасидаги гап” деган қарашлар ортида инсон ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўйиб бўлмайди.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон ва унинг қадри турибди. Демак, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилада соғлом муҳитни таъминлаш ва низоларни барвақт бартараф этиш ҳам ушбу эзгу мақсаднинг узвий қисми бўлиши керак.
Зўравонлик содир этилгандан кейин унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, унинг биринчи белгиларини ўз вақтида кўриш, мурожаатни эътиборсиз қолдирмаслик ва зарур чорани дарҳол кўриш самаралироқдир.
Шу маънода, ҳар бир мурожаат оддий шикоят эмас, балки эҳтимолий фожианинг олдини олиш имконияти. Бу имкониятдан самарали фойдаланиш эса маҳалладан тортиб барча масъул тузилмаларгача бўлган тизимнинг асосий вазифаси бўлиши лозим.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси. ЎзА