Одамлар дарди — эътиборда, ташаббуслар — амалий ечимда
Бугунги Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг энг муҳим мезони — инсон қадри, унинг розилиги ва эртанги кунга бўлган ишончидир. Шу боис давлат сиёсатида халқ билан очиқ мулоқот қилиш, одамларнинг дардини эшитиш, муаммоларни қоғозда эмас, бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш устувор вазифага айланмоқда.
Айниқса, давлат раҳбари томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар жараёнида илгари сурилаётган ташаббуслар мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу ташаббуслар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Ана шу эзгу мақсадлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Э. Аслонова ва М. Баратова Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида бўлиб, аҳоли, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ҳамда ижтимоий соҳа вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказди.
Учрашувларда Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида илгари сурилган ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган янги имкониятлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ҳамда жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича белгиланган вазифалар кенг тушунтирилди. Бироқ бу галги мулоқотларнинг аҳамияти фақат тушунтириш ишлари билан чекланмади. Депутатлар одамларнинг мурожаатларини жойида эшитиб, муаммонинг илдизини кўз билан кўриш, унинг ечими учун мавжуд имкониятларни баҳолашга алоҳида эътибор қаратди.
Ўрганишлар аввало 1-сонли мактабгача таълим ташкилотидан бошланди. Муассасадаги шароит билан танишиш жараёнида канализация ва иссиқлик тизимларини таъмирлаш долзарб масала экани маълум бўлди.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида “Очиқ бюджет” тизимига 1,5 миллиард сўмлик таклиф киритилган. Аммо ташаббус етарли овоз тўплай олмагани боис амалга ошмай қолган. Аслида, рақамлар ортида болаларнинг саломатлиги, уларнинг қулай ва хавфсиз муҳитда таълим-тарбия олиши каби жуда муҳим масалалар турибди. Шу нуқтаи назардан депутатлар муассасадаги ҳолатни атрофлича кўздан кечириб, бу муаммони ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. Зеро, болаларга яратилган шароит — жамиятнинг эртанги кунига бўлган муносабатининг кўзгусидир.
Кейинги манзил “Локомотив” спорт ўйингоҳи ҳудуди бўлди.
Ўрганишлар давомида фойдаланилмай турган иккита ер майдонидан самарали фойдаланиш, бу ерда бокс ҳамда юнон-рум кураши залларини барпо этиш ташаббуслари илгари сурилгани маълум бўлди.
Юнон-рум кураши зали қурилиши бўйича ташаббус етарли овоз тўплаган. Бокс спорт залига оид таклиф эса керакли миқдорда овоз олмаган. Бу ҳолат депутатларнинг эътиборидан четда қолмади. Чунки ҳар бир спорт иншооти — шунчаки бино эмас. У ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, энг муҳими, ёш авлодни турли салбий таъсирлардан асраш учун муҳим майдондир.

Шу боис аҳоли томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусларни амалга ошириш билан бирга, овоз етарли бўлмаган, аммо ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳалар учун ҳам муқобил ечимлар излаш зарурлиги қайд этилди.
Депутатлар “Мутал Бурхонов” номли маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлиб, “еттилик” тизими фаолияти билан танишди.
Маҳаллада аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, фуқароларнинг мурожаатлари, бандлик ва ижтимоий масалалар билан бир қаторда, кундалик ҳаётда одамларга ноқулайлик туғдираётган муаммолар ҳам ўрганилди. Хусусан, ички йўлларнинг носозлиги, айрим кўчаларга асфальт ётқизиш масаласи аҳоли учун долзарб экани маълум бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, депутатлар мурожаатларни шунчаки қайд этиш билан чекланиб қолмади. Муаммоларнинг ечими юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди. Бу эса халқ билан мулоқотнинг янги босқичи — эшитишдан амалий ҳаракатга ўтиш даври бошланганини кўрсатади.
Ташрифнинг яна бир манзили — 1989 йилда қурилган 64-сонли мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бугун бу муассасада 320 нафар бола таълим-тарбия олмоқда. 12 та гуруҳда кичкинтойларга билим ва тарбия берилаётган бўлса-да, бинонинг таъмирталаб ҳолати яққол кўзга ташланади. Муассасани таъмирлаш учун “Очиқ бюджет” тизими орқали 1,6 миллиард сўм маблағ ажратиш таклифи илгари сурилган. Бироқ мазкур ташаббус ҳам етарли овоз тўплай олмаган. Шунга қарамай, эски ва таъмирталаб бинода меҳнат қилаётган ходимларнинг фидойилиги, касбига садоқати ва болаларга бўлган меҳри депутатларнинг эътиборини жалб қилди.

Шароит мураккаб бўлса-да, муассаса тоза-озода сақланган. Тарбияланувчилар учун имконият даражасида муносиб муҳит яратилган. Бу эса ҳар қандай бино ва жиҳоздан кўра қимматли бир ҳақиқатни намоён этади: таълим ва тарбияда энг катта бойлик — инсоннинг меҳри ва масъулиятидир. Бироқ фидойиликни шароитсизлик билан синаш мумкин эмас. Шу боис муассасани таъмирлаш масаласини ҳал этиш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва зарур маблағ манбаларини излаш бўйича амалий чоралар белгилаб олинди.
Когон шаҳридаги ўрганишлар бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатди: жойлардаги ҳар бир муаммонинг ортида инсон тақдири, бола келажаги, оила фаровонлиги ёки маҳалланинг эртанги қиёфаси турибди. Шу маънода “Очиқ бюджет” тизими фуқароларнинг ўз ҳудуди тақдирига бевосита дахлдор бўлишини таъминлаётган муҳим механизмлардан бири бўлмоқда. Бироқ айрим ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларнинг овоз етишмаслиги сабаб амалга ошмай қолиши уларни мутлақо эътиборсиз қолдириш керак дегани эмас.
Аксинча, депутатларнинг жойлардаги ўрганишлари ана шундай масалаларга қўшимча ечимлар топиш, масъул ташкилотларни жалб этиш, мавжуд имконият ва захиралардан самарали фойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ташриф якунида аниқланган муаммоларни ҳал этиш, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш ва аҳоли мурожаатларининг ижросини назоратга олиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Бугун халқ давлат идораларидан фақат ваъда эмас, амалий натижа кутмоқда. Бир кўчанинг асфальт қилиниши, бир боғчанинг таъмирланиши, бир спорт залининг қурилиши ёки бир оиланинг муаммоси ҳал этилиши ислоҳотларнинг инсон ҳаётидаги энг оддий, аммо энг таъсирчан кўринишидир.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган халқ билан очиқ ва юзма-юз мулоқот қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги муаммоларни “маҳаллабай” ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш тамойилининг моҳияти ҳам шунда. Когон шаҳридаги бугунги мулоқот ва ўрганишлар ҳам шу эзгу мақсаднинг ҳаётий ифодаси бўлди. Зеро, ислоҳот одамлар ҳаётида сезилса — у ҳақиқий ислоҳотдир. Муаммо эшитилса — унинг ечимига йўл очилади. Инсон дардига эътибор қаратилса — жамиятда ишонч мустаҳкамланади.
Энг муҳими, бугун Когонда одамларнинг овози эшитилди. Муаммолар кўрилди. Таклифлар ўрганилди. Энди эса уларни амалий натижага айлантириш барча масъулларнинг умумий вазифасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири