Ҳужжатсиз мулклар қонуний мақом олмоқда
Ер ва кўчмас мулк — инсон ҳаётидаги энг муҳим бойликлардан. Шу боис ҳар бир хонадон, ҳар бир ер участкаси тақдирида ҳуқуқий аниқликнинг бўлиши нафақат мулкдор хотиржамлиги, балки жамиятда қонунийлик ва адолат муҳитининг мустаҳкамланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жиззах вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли хатлов ишлари ана шу эзгу мақсадга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда вилоятимиздаги мавжуд 304 та маҳалланинг 77 тасида 2026 йил учун белгиланган режа-жадвал асосида хатлов жараёнлари амалга оширилмоқда. Бу масъулиятли ва серқирра жараёнга 230 нафардан ортиқ малакали мутахассис жалб этилган.
Рақамлар ортида эса минглаб хонадонларнинг тақдири, одамларнинг йиллар давомида кутиб келган ҳуқуқий аниқлиги мужассам. Бугунга қадар вилоятда 87 минг 857 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Уларнинг 78 минг 458 таси UZKAD тизимига киритилган бўлиб, шундан 77 минг 527 таси турар жой, 931 таси нотурар жой объектларидир. 52 минг 790 та объект “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига ўтказилган, 7 минг 752 та объект бўйича эса муҳокама жараёни давом этмоқда.


Бу жараённинг энг муҳим натижаси эса рақамларда эмас, инсонлар ҳаётида кўринади. Хатлов ишлари натижасида халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши сессияларида 9 минг 695 нафар фуқаронинг уй-жойларига нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилди. Демак, кечагина ҳужжат масаласида турли саволлар билан яшаган минглаб оилалар учун бугун ҳуқуқий аниқлик эшиги очилмоқда.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуни ижросининг амалий ифодасидир. Қонун асосида хатлов ишларининг маҳаллама-маҳалла, босқичма-босқич ташкил этилиши фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигини камайтириб, мавжуд ҳолатни жойига чиққан ҳолда аниқлаш имконини бермоқда.


Шу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонунини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги қарори қабул қилинган. Унда электрон йиғма жилдларни шакллантириш, зарур маълумотларни автоматлаштирилган ахборот тизимига киритиш ҳамда ҳуқуқий жараёнларни янада тизимлаштиришга қаратилган вазифалар белгиланган.
Жиззахдаги бугунги натижалар мазкур қарор ва қонун талаблари ижроси қоғоздаги вазифа бўлиб қолмаётганини кўрсатмоқда. Ҳар бир хатлов, ҳар бир электрон маълумот ва ҳуқуқи эътироф этилган ҳар бир хонадон — кадастр тизимидаги ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги амалий натижасидир.


Эътиборли жиҳати, хатлов жараёни аҳоли учун очиқ ва босқичма-босқич ташкил этилган. Фуқаролар Кадастр агентлигининг расмий ахборот ресурслари орқали ўз маҳалласида хатлов ишлари қайси даврда ўтказилишини билиб олиши мумкин. Айни босқичда рўйхатда маҳалласи номи бўлмаган фуқаро эса хавотирга тушмаслиги керак: хатлов жараёнлари белгиланган босқичлар асосида давом этади ва ҳудудларнинг қамрови изчил таъминланади.
Зеро, мулк ҳуқуқининг эътироф этилиши — оддий расмий жараён эмас. Бу инсоннинг ўз уйи ва ерига бўлган ҳуқуқини мустаҳкамлаш, унинг эртанги кунига ишончини ошириш демакдир. Жиззахда амалга оширилаётган хатлов ишларининг асл қиммати ҳам шунда — рақамлар ортида одамларнинг қонуний ҳуқуқи, хотиржамлиги ва фаровон келажаги турибди.
Санжар Қодирқулов,
Давлат кадастрлари палатаси
Жиззах вилояти бошқармасининг бошлиғи
ЎзА