“Обод” маҳалласи янги бинога эга бўлди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино фойдаланишга топширилди.
Шу пайтга қадар 8 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган мазкур маҳалла фуқаролар йиғини ўз хизмат биносига эга эмас эди. Маҳалла ҳудудидаги бўш турган икки сотих ер майдони ушбу мақсад учун ажратилиб, қурилиш ишларига 250 миллион сўм маблағ йўналтирилди, шунингдек, ҳомийлик маблағлари жалб этилди. Натижада барча замонавий шарт-шароитларга эга бўлган янги бино барпо этилди.
— Маҳалламизнинг ўз биноси мавжуд эмаслиги фаолиятимизга маълум даражада таъсир кўрсатаётган эди, - дейди “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғиёсиддин Сайдуллаев. — Бугун фойдаланишга топширилган замонавий бино нафақат ходимлар, балки аҳоли учун ҳам қулайлик яратди.
Очилиш маросимида туман ҳокими ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Музаффар Абдуллаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Маъруфжон Раҳмонов, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўзга чиққанлар мазкур иншоот аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-29170]
Тадбир доирасида иштирокчилар “маҳалла еттилиги” фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шунингдек, иқтидорли болалар иштирокида бадиий чиқишлар ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА