Китобга меҳр уйғунлашган маънавий фестиваль
Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда миллий бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, садоқат ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш, маънавий қадриятларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларни китобхонликка кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш давлат сиёсатидаги энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадлар ижроси доирасида Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Зарафшон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ҳарбий ватанпарварлик” боғида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси асосида “Мустақиллик тўйи” ва “Китобхонлик фестивали” юқори савияда ташкил этилди.
Боғ ҳудуди байрамона безатилиб, тадбир давомида кўтаринки кайфият, самимий муҳит ва эзгу интилишлар ҳукм сурди. Фестивалда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов иштирок этиб, ёшлар ва китобсеварлар билан очиқ мулоқот қилди. Суҳбатлар жараёнида у илм-фан ва бадиий адабиёт инсон тафаккурини юксалтириши, китоб мутолааси эса маънавий камолотнинг мустаҳкам пойдевори эканини алоҳида таъкидлади.
Тадбирда “Заковат” интеллектуал ўйини, китобхонлик танловлари, ижодий учрашувлар, ранг-баранг расмлар кўргазмалари ҳамда спорт мусобақалари ташкил этилди. Ҳар бир йўналишда иштирок этган ёшлар ўз билим ва иқтидорларини намоён этиб, фаоллиги билан ажралиб турди. Айниқса, китобхонлик танловлари ва ижодий мулоқотлар иштирокчиларда бадиий адабиётга қизиқишни янада кучайтириб, уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиришга хизмат қилди.
[gallery-29172]
Бундай тадбирлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, маънавий-маърифий ислоҳотлар ҳамда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Энг муҳими, фестиваль ёшларни эзгу ғоялар атрофида бирлаштириб, уларда юртга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА