Обод маҳалла — фаровон ҳаёт маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Нурота тумани марказидаги Ибн Сино маҳалласида 780 оилада 3 минг 200 нафарга яқин турли миллат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилмоқда.
Туман марказидан 2 километр масофада жойлашган маҳалла Миришкор, Нурфахр, Нуробод ва Ғафур Ғулом маҳаллалари билан чегарадош. Ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалладаги кўплаб хонадонларда иссиқхоналар ташкил этилган. Уларда лимон ва турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда. Жумладан, Аҳмад Остонов хонадонидаги иссиқхонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган.
[gallery-30800]
Тадбиркор Даминжон Зинниев томонидан пластик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ташкил этилган. Якка тартибдаги тадбиркор Зовқиддин Қобилов эса паррандачилик билан шуғулланиб, бройлер товуқлар етиштириш орқали ички бозорни гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшмоқда.
Маҳаллада қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 га яқин цех фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳудудда ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишлари ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмаси, марказий дорихона ва туман санитария-эпидемиология бўлими жойлашган кўчалар тўлиқ асфальтланиб, фойдаланишга топширилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА