Нуротада ташаббускор ва ишбилармон аёллар салоҳияти яна бир бор намоён бўлди
Нурота туманида хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг инновацион ғоялари ва истиқболли бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ишбилармон аёл – 2026” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.
Танловда туманнинг турли маҳаллаларидан ташриф буюрган 20 га яқин тадбиркор хотин-қизлар иштирок этиб, миллий ҳунармандчилик, тикувчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, сервис хизматлари ва бошқа йўналишларда амалга ошираётган фаолиятини намойиш этди. Кўргазмаларда иштирокчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар меҳмонлар ва ҳакамлар ҳайъатида катта қизиқиш уйғотди.
Танлов иштирокчилари нафақат ўз маҳсулотларини тақдим этди, балки тадбиркорликда орттирган тажрибалари, муваффақият омиллари ва келгусидаги режалари билан ҳам ўртоқлашди.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг маҳсулот сифати, бизнес юритиш тажрибаси, яратилган иш ўринлари, иқтисодий самарадорлик, инновацион ёндашув ва лойиҳаларни кенгайтириш имкониятлари каби муҳим мезонлар асосида холис баҳолаш ишларини амалга оширди.
Танлов якунларига кўра, 1-ўрин “Сўзани Актамова” бренди асосчиси, миллий каштачилик йўналишида фаолият юритаётган тадбиркор Баҳора Мамаражабовага берилди. 2-ўринга пойабзал тўқиш ва тўқувчилик асосида турли буюмлар тайёрлаш билан шуғулланаётган тадбиркор Гулрух Абдураимова, 3-ўринга эса замонавий тикувчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган тадбиркор Гулбаҳор Ҳожиева муносиб деб топилди.
Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири