Нурафшонда истиқлол байрами шукуҳи
Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғида юртимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали байрам маросими ўтказилди.
Бу йилги байрам юртимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида вилоятимизнинг шаҳар ва қишлоқларида, маҳалла ва гузарларида кенг нишонланмоқда. Бундай кўтаринки руҳда нишонлашнинг сабаби эса, Президентимизнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган асрларга татигулик ўзгаришлар, янгиланиш ва юксалишлар бутун халқимизга байрам кайфиятини берганлиги ҳам айни ҳақиқат.
Хусусан, катта амфитеатрга вилоятнинг турли соҳаларида фидокорона меҳнат қилаётган юртдошларимиз, нуронийлар, ёшлар, зиёлилар, тадбиркорлар, меҳнат жамоалари вакиллари, туман ва шаҳар фаоллари, санъат аҳли ҳамда азиз меҳмонлар жам бўлди. Атроф байрамона безатилган, ранг-баранг безаклар, диллардаги юртга муҳаббат ва истиқлол ифтихори, ҳар бир чеҳрадаги қувонч ва ҳаяжон бугунги айёмга ўзига хос файз бағишламоқда.

Тантанали тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади. Таъкидланганидек, ҳозир Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг марказида “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя барқарор эканлигига ҳар жабҳада гувоҳ бўлмоқдамиз.
Жорий йил ҳудудда 48 мингта эҳтиёжманд оилага 32 миллиард сўм моддий ёрдам, ижтимоий реестрдаги 40 мингта оилага 167 миллиард сўм нафақа тўловлари амалга оширилган бўлса, 1 минг 282 нафар беморда давлат ҳисобидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, 220 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонлари таъмирланди.

Сўнгги 5 йилда 16 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Йиллик экспорт ҳажми эса 3 миллиард долларга яқинлашди.
Айни пайтда вилоятда 54 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ҳажми 180 триллион сўмдан ошди, унинг таркибида кичик бизнеснинг улуши 2021 йилдаги 48 фоиздан 55 фоизга етди. Жорий йилнинг ўзида 5 минг 300 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 452 минг нафар аҳоли ишли бўлди.

– Кеча биз хориждан сармоя кутган бўлсак, бугун тадбиркорларимиз чет давлатларга сармоя киритишмоқда, – дейди Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев. – Хусусан, 20 нафар тадбиркоримиз Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, АҚШ ва Бирлашган Араб Амирликларида умумий қиймати 184 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу йил биринчи марта 5 та манзилда “Янги Ўзбекистон массиви” ва реновация дастурлари доирасида қурилаётган 10 минг хонадонли 133 та кўп қаватли уйлардан ҳозиргача 8 мингтаси ўз эгаларига топширилди. Тарихда биринчи бор юзлаб фермерларимиз пахта ҳосилдорлигини 60 центнердан, ғалла ҳосилдорлигини 100 центнердан оширишга муваффақ бўлди. Тошкент вилояти — кўп миллатли, меҳнаткаш ва бағрикенг инсонлар яшайдиган муқаддас замин. Ана шу бирдамлик ва аҳилликни, миллатлараро тотувликни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Шунингдек, Нурафшон шаҳрининг эса вилоятнинг замонавий тараққиёт марказларидан бири сифатида жадал ривожланаётгани қайд этилди. Ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилар экан, ёш авлодни мустаҳкам билим ва замонавий касбларни эгаллашга, хорижий тилларни ўрганишга, тадбиркорликка интилишга, янги ғоя ва ташаббуслар билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга даъват этилди.

Шундан сўнг байрам саҳнасида Ватан ва истиқлолни улуғловчи ранг-баранг концерт дастури намойиш этилди. “Боболар”, “Ягона Ватан” каби композициялар, болалар рақс мактаби тарбияланувчиларининг чиқишлари, миллий созлар садоси, мақом санъатининг бетакрор намуналари, эстрада хонандаларининг ижролари ҳамда шеър ва рақслар байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир “Нурафшоннинг фавворалари” шеърини ўқиб берди. Шундан сўнг шаҳарнинг муҳташам фавворалари рақси намойиш этилди. Байрам дастурида спортчиларнинг куч, чаққонлик ва юксак маҳоратини намоён этган чиқишлари, ҳарбийлар иштирокидаги махсус композициялар ҳам томошабинларда катта таассурот қолдирди. Миллий санъат ва замонавий саҳна чиқишлари уйғунлигида кечган тантанада Нурафшон аҳлининг шодон кайфияти, диллардаги истиқлол шукронаси ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати яққол намоён бўлди.
Тадбирнинг энг ёрқин лаҳзаларидан бири осмонда намойиш этилган дронлар шоуси бўлди. Ранг-баранг шуълалар, замонавий ёруғлик композициялари байрам иштирокчиларига унутилмас таассурот бағишлади.

Тантана якунидаги мушакбозлик эса халқимизнинг эзгу орзу-ниятлари, эртанги кунга ишончи ва юрт келажагига бўлган юксак умидларининг ёрқин тимсолига айланди. Шу тариқа, Нурафшондаги мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантана Ватан мадҳи, миллий санъат, замонавий саҳна намойишлари ва халқимизнинг бирдамлиги мужассам бўлган унутилмас байрам кечаси сифатида ёдда қолди.
А.Мусаев,ЎзА