Мустақиллик – буюк неъмат!
Ҳар бир халқ ҳаётида унинг тақдири ва келажагини белгилаб берадиган унутилмас, тарихий саналар бўлади. Ўзбек халқи учун ана шундай буюк ва муқаддас кун Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги кунидир.
Бу йил юртимиз ҳаётидаги энг улуғ байрам - Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ўттиз беш йил - тарих учун қисқа бир давр бўлиши мумкин. Аммо халқ ҳаёти, давлат тараққиёти ва миллий ўзликни англаш нуқтаи назаридан бу йиллар улкан ўзгаришлар, синовлар, изланишлар ва бунёдкорликларга бой давр бўлди.
1991 йилда халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиқиб, Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Истиқлол халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини тиклаш, она тили, тарихи, маданияти ва маънавий меросини эркин асраб-авайлаш имконини берди. Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши учун кенг йўл очилди.
Мустақиллик йилларида халқимизнинг миллий ўзлиги янада юксалди. Асрлар давомида шаклланган урф-одат ва анъаналаримиз, миллий байрамларимиз, буюк аждодларимиз меросини ўрганишга жиддий киришилди. Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, уларнинг номини абадийлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик ғоялари, Ватан ва миллат тараққиёти йўлидаги фидойилиги ҳам бугунги авлод учун муҳим ибрат манбаига айланди.
Бугун Ўзбекистон мустақилликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, таълим ва тиббиёт тизимини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Демак, Ватаннинг эртанги тақдири, унинг илм-фан, технология, иқтисодиёт ва маданият соҳаларидаги ютуқлари бевосита ёш авлоднинг билими, салоҳияти ва фаоллигига боғлиқ. Шу маънода, ёшларга замонавий таълим бериш, уларнинг хорижий тиллар ва ахборот технологияларини эгаллаши, илм-фан билан шуғулланиши, спорт ва маданият соҳаларида ўз истеъдодини намоён этиши учун имкониятлар яратилаётгани муҳим аҳамиятга эга.
Мустақилликнинг 35 йиллиги фақат ўтган даврни сарҳисоб қилиш эмас. Бу сана келажак ҳақида янада катта мақсадлар билан ўйлашга ундайди. Биз бугун қандай мамлакатни барпо этаётган бўлсак, эртанги авлод ана шу юртда яшайди. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз касби, меҳнати, билими ва ташаббуси билан Ватан тараққиётига ҳисса қўшиши керак.
Муҳандиснинг янги лойиҳаси, ўқитувчининг бир ўқувчига берган билими, шифокорнинг беморга кўрсатган меҳри, деҳқоннинг баракали меҳнати, тадбиркорнинг янги иш ўрни яратиши, олимнинг илмий кашфиёти буларнинг барчаси юрт тараққиётига қўшилган ҳиссадир. Шу боис мустақилликни севиш фақат сўз билан эмас, амалий меҳнат ва фидойилик билан намоён бўлади.
Олдимизда катта мақсадлар, улкан вазифалар турибди. Бу мақсадларга эришишнинг энг муҳим шарти эса тинчлик, бирдамлик, билим, меҳнат ва Ватанга садоқатдир. Мустақиллик - бизга берилган буюк неъмат. Уни асраш, қадрлаш ва янада мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий бурчимиздир. Зеро, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг эзгу меҳнати мустақил Ўзбекистоннинг буюк келажагига қўшилган муносиб ҳиссадир.
Перизат Мингтаева,
халқ депутатлари Конимех туман Кенгаши раиси