Нукуснинг тунлари кундан-да ёрқин
Қорақалпоғистон Республикасининг маркази Нукус шаҳри 1932 йилда ташкил топган. Шаҳарнинг 60 йиллик юбилейи муносабати билан ёзувчи Шаўдирбай Сейтовнинг “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 1992 йил 28 ноябрь сонида “Муҳаббатим, ёшлигим, Нукус!” номли эссеси чоп этилган эди.
Психологияда ҳам, фалсафада ҳам чин ихлос ва эзгу ният билан қоғозга туширилган фикрлар йиллар ўтиб моддий оламда бўй кўрсатади, деган қараш бор. Мен бирор фан олимаси эмасман, балки кўрган-билганларини, реалист кузатувчи сифатида ҳис қилганларини кенг жамоатчиликка тақдим этувчи бир ижодкорман. Ёзувчи ўша эссесида бўлажак Нукусни шундай тасвирлаган эди: “...Кўчаларинг яшил дарахтларга, нурли рекламаларга, кўп қаватли муҳташам биноларга тўлсин!”
Орадан 34 йил ўтди. Ёзувчининг бу қанотли сўзлари, чин юракдан билдирган эзгу тилаклари дўстлик ва ҳамжиҳатлик эвазига бугун тўлиқ рўёбга чиқди. Шаҳримиз йилдан-йилга чирой очиб, яшил маконлар барпо этилмоқда, замонавий кўп қаватли уйлар сони ортмоқда.
Президентимизнинг “Бизнинг улуғ ва эзгу мақсадимиз — биргаликдаги фидокорона меҳнатимиз билан Янги Ўзбекистон таркибида Янги Қорақалпоғистонни барпо этишдир”, деган даъвати амалда ўз исботини топмоқда. Айнан сўнгги икки йил ичида Нукусда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва маҳаллалар инфратузилмасининг яхшиланиши бунинг ёрқин далилидир.
Бугун шаҳарда 537 километр узунликдаги ички йўллар ва 1 400 та кўча мавжуд. Албатта, бу рақамлар вақт ўтиши билан янада кенгаяди, чунки Нукус йил сайин чегараларини кенгайтириб, атрофдаги туман маҳаллаларини (масалан, илгари Нукус туманига қарашли бўлган “Шодлик овул”, “Навқон боғ», “Қутли макон”, “Саманбай” каби маҳаллаларни) ўз таркибига олмоқда.
Таққослаш учун айтганда, 2014-2015 йилларда ва ундан олдин йилига узоғи билан 10 километр узунликдаги асфальт йўллар ётқизилгани катта ютуқ ҳисобланар эди. Кўпчилигимиз биладиган ҳақиқатни ёзгим келяпти. Яқин йилларгача ёмғир ёққан ёки қор эриган кунларда кўчада юриш ҳақиқий машаққат эди: оёқ кийимимиз лой бўлмаслиги учун устидан пакет ўраб олардик, куз-қиш кечаларида этигимизга ёпишган ботқоқни эски пичоқ билан тозалаб, ювиб, иситиш қувурига қуритишга қўярдик. Муассасаларга киришида оёқ кийим тозалаш учун қўйилган эски супурги ва сув тўла тунука идишлар кечагидай ёдимизда. Бугун бу кунларни эсласак, ҳам куламиз, ҳам шукрона айтамиз.
Сўнгги икки йил ичида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида Нукусда 110 километр ички йўллар асфальтланди. Соҳага оид фармон ва қарорлар ижроси доирасида яна қўшимча 38 километр асфальт йўл ётқизилди. Биргина “Гўне қалъа” маҳалласидан ўтувчи Оқманғит кўчасида эни 22 метр, узунлиги 1 минг 100 метр бўлган замонавий йўл янгиланди. Бу йўловчилар ва ҳайдовчилар учун чинакам тарихий воқеа бўлди. Йўловчилар айнан шу кўча бўйида автомобиллар тўхтаб турганини яхши билади.
Ёдингизда бўлса, бир йиллари бозорларда электр иситиш ускуналари савдоси жуда "қизиган" эди. Бу хўжаликларда табиий газ босимининг камлиги ва пастлигини кўрсатувчи жиддий муаммо эди. Хўш, табиий газ масаласига эътибор қаратилдими? Бу борада “Навқон боғ", "Оқ ёғоч", "Қўш булоқ", "Йўлчилар" маҳалла фуқаролар йиғинларида 1980-1984 йилларда қурилган табиий газ қувурлари 2025-2026 йилларда янгиланиб, 45,6 км дан ортиқ янги қувурлар ётқизилди. Ана шундай хайрли ишлар натижасида маҳаллаларда газ босими ошиб, аҳоли бугунги кунда табиий газдан муаммосиз фойдаланмоқда.
Илгари об-ҳаво бироз булутланса, айниқса ёмғирли кунлари телефонни қувватлаб олишга шошилардик. Яширадиган жойи йўқ, фавқулодда ҳолатлар учун ҳар бир уйнинг музлаткичида шам сақланар эди. Бугун бу воқеалар ҳам деярли унутилди ҳисоб. Нукусда икки йил давомида электр тармоқларида кенг кўламли ишлар олиб борилди. 74 та янги трансформатор қурилиб, 183 таси таъмирланди, 248 км узунликда СИП-кабеллар тортилди. Янги қурилишлар учун эса 38 км узунликда СИП-кабел ва 9 дона янги трансформатор ўрнатилди.
Нукуснинг қоп-қоронғи тунлари ва совуқ кўчаларини унутмадингизми? Фақат бой, ўзига тўқ хонадонларнинг уйи олдида тунги чироқ ёниб турар, кўчадаги ёшлар шу ерда суҳбатлашиб ўтиришарди... Зимистон тунларда талай жиноятлар ҳам юз берган. "Бобо олиб кетади" деган гаплар бежиз айтилмаган бўлса керак — қоп-қоронғи кўчадан бошқа нимани ҳам кутиш мумкин эди?
Хўш, Нукусда тунги ёритишга қай даражада эътибор қаратилди? Икки йил давомида қирқ битта маҳалланинг ички кўчалари тўлиқ тунги ёритиш тизими билан таъминланди, қўшимча равишда 1 минг 617 дона қуёш панелли тунги чироқ ўрнатилди.
Қўшнининг уйидан сув ташиш муаммоси ҳал бўлдими? Тоза ичимлик суви билан шаҳар 99,9 фоизга қамраб олинди. Бунда 1980-1996 йилларда барпо этилган эскирган ичимлик суви тармоқлари ҳам қамраб олиниб, тўлиқ янгиланди. Бугун ёнгинамизда ичимлик суви оқиб турибди. Челаклаб сув ташиш ва жамғариш каби муаммолар ўз ечимини топди. Ҳозирги вақтда хонадонларда сув тўла челакларни учратмасангиз керак.
Сир эмас, илгари биз пиёдалар йўлаги деганда оддий автомобиллар ўтадиган йўлни тушунардик. Йиллар ўтиб, пиёдалар учун ҳам махсус йўлак бўлиши кераклигини англаб етдик. Шаҳарда 41 километр узунликдаги пиёдалар йўлаги қурилиб, энг чекка ҳудудлардаги йўллар атрофи ҳам ободонлаштирилди. Масалан, "Қум овул", "Тадбиркорлар ҳудуди", "Қутли макон", "Қутли қонис", "Йўлчилар", "Навқон боғ", "Жайхун", "Телемарказ" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида пиёдалар учун бетон йўлаклар барпо этилди.
Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда хорижлик ҳамда маҳаллий сайёҳлар Нукус шаҳрининг ям-яшил кўчаларини мақтаб, миннатдорчилик билдирган видеоларига гувоҳ бўляпмиз. Икки йил ичида 4 гектар майдонда "Яшил макон" ташкил этилиб, 18 та маҳаллада дам олиш масканлари барпо этилди. "Ёш авлод" маҳалласи тўлиқ рақамлаштириш тизимига бириктирилиб, ободонлаштириш ишлари якунланди. "Зарбдор" тажрибаси асосида "Ўрнак", "Мустақиллик", "Халқлар дўстлиги", "Чимбой чойхона" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари қамраб олиниб, амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Аччиқ ҳақиқат шундаки, илгари муаммолари яширилган маконлардан бири Нукус деҳқон бозори эди. Халқимизнинг ёғингарчилик кунларида эмин-эркин харид қилиши учун ҳеч қандай имконият йўқ эди. Бугун эса ҳаммаси бутунлай бошқача! Ҳатто илгари бундай замонавий бозорни тасаввур ҳам қила олмасдик.
Бугун Нукуснинг кенг ва асфалтланган кўчаларида, тунда чароғон ёниб турган нурли чироқларида, янгидан қад ростлаган муҳташам биноларида ҳамда ҳар бир маҳаллага кириб борган ободончилик ва бунёдкорлик ишларида шу эзгу ниятлар моддий шаклга айланганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Биз обод манзилда — Янги Ўзбекистонда яшамоқдамиз.
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга сафари чоғида Нукусдаги “24/7” кўчасига ташриф буюргани, у ерда сайр қилиб юрган аҳолининг давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилик билдиргани ушбу ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Шаҳримиздаги 41 километрлик озода пиёдалар йўлагида, 1 минг 617 та қуёш панелли чироқлар нурида, обод маҳаллаларда яшаётган юртдошларимизнинг юзидаги мамнунликни кўриб, қандай қилиб тўлқинланиб ижод қилмаслик мумкин?!
Эртанги Нукуснинг гўзаллиги ва маҳобати қандай бўлишини тасаввур қилиш қийиндир. Аммо, йилдан-йилга яшнаб ва чирой очиб бораётган жонажон шаҳрим ёрқин келажак сари дадил одимлаётгани аниқ.
Эльмира Сагалатдинова,
Нукус шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА