Нукуснинг “Орол” жамоаси Суперлигада
Нукусдаги “Турон” ўйингоҳида футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигасининг “Орол” ва “Ғазалкент” жамоалари ўртасида 25 тур ўйини бўлиб ўтди.
Ўн минг нафарга яқин мухлис кўз ўнгида ўтган ушбу ўйинга “Орол” футболчилари катта масъулият ва ғалабага бўлган ишонч билан тушди. Жамоа майдонда ўз ўйин тартибини намойиш этиб, рақибидан 2:0 ҳисобида устун келди.
Учрашувнинг 40-дақиқасида Жавоҳир Алижонов рақиб жамоа дарвозасига гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса, ўйиннинг 53-дақиқасида жамоанинг россиялик легионери Евгений Козлов иккинчи голни киритиб, ҳисобни 2:0 га етказди.
Шундан кейин ҳам ҳар икки жамоа футболчилари хавфли ҳужумлар уюштириб, гол уришга ҳаракат қилди. Бироқ учрашувнинг қолган вақтида ҳисоб ўзгармади. Натижада майдон эгалари рақибини 2:0 ҳисобида енгиб, ўз мухлисларига катта қувонч улашди.
Қорақалпоғистон Республикасининг “Орол-W” қизлар футбол жамоаси биринчи лигада муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритиб, олий лигага йўлланма олганди. Танаффус пайтида қизлар футбол жамоасига кубок, медаль ва эсдалик совғалари топширилди.

Нукуснинг “Орол” жамоасининг 25 йиллик танаффусдан сўнг Суперлигага қайтиши давлатимиз раҳбарининг жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, миллионлар ўйини ҳисобланган футболни ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлигининг самарасидир.
Ўйиндан сўнг муддатидан олдин Суперлига йўлланмасини қўлга киритган Нукуснинг “Орол” жамоасини тақдирлаш маросими бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Р.Ирматов, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Д.Имомхўжаев иштирок этиб, жамоани ғалаба билан қутлади. Ғолибларга медаль, кубок ва эсладик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири