Аҳадхон Кимсанбоев пара шахмат бўйича Осиё чемпиони
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида пара шахмат бўйича ўтаётган 4-Осиё чемпионатининг рапид йўналишида ҳамюртимиз муваффақиятга эришди.
10 тадан зиёд давлатнинг 100 нафарга яқин матонатли пара шахматчилари иштирокида ўтаётган чемпионатнинг рапид баҳсларида ҳамюртимиз Аҳадхон Кимсанбоев 5 та имкониятдан 4,5 очко жамғариб, ғолибликни қўлга киритди.

Чемпионатнинг аёллар дастуридаги рапид мусобақаларида ҳамюртларимиздан Айдана Абдуллаева 3 очко билан кучли тўртликдан ўрин эгаллади.
Ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида ўтаётган чемпионатнинг блиц мусобақалари давом этмоқда.
Бугунгача 9 та турдан иборат блиц ўйинларининг 4 та тури ортда қолган вазиятда ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган 2 нафар шахматчи 3,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Уларни таъқиб этаётган 8 нафар пара шахматчи ҳисобида 3 очко мавжуд.
Эътиборли жиҳати, 3 очкога эгалик қилиб турганлар орасида ҳамюртимиз Баҳодир Ғойибназарав ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрга қадар давом этадиган пара шахмат чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 30 нафардан зиёд аъзоси турли йўналишларда дона сурмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА