Номзодлар турнири: Бугун Жавоҳир азалий рақибларидан бири Праггнанандха билан куч синашади
Кипрда шахмат бўйича давом этаётган Номзодлар турнирининг ортда қолган иккинчи тур ўйинларидан кейин эркаклар мусобақасида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров, америкалик Фабиано Каруана ва ҳиндистонлик Праггнанандха 1.5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Кеча ўтган иккинчи тур баҳсида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Маттиас Блюбаум қаршилигини енгишга ҳаракат қилди.
Ўта шиддатли ва кучли руҳий босим остида ўтган мусобақада томонлар муроса йўлини танлади.

Ушбу турда аёллар ва эркаклар ўртасидаги барча тўқнашувлар дуранг билан якунлангани етакчиликка даъвогарлик учун курашлар ҳали олдинда эканини кўрсатмоқда.
Бугун, 31 март куни Номзодлар турнирининг 3-тур ўйинида Жавоҳир Синдоров қора доналарда ҳинд гроссмейстери Праггнанандха билан рўбарў келади.

Бевосита Праггнанандха - Синдоров баҳси ҳақида тўхталадиган бўлсак, улар фаолияти мобайнида бир неча бор тўқнаш келган. Энг муҳим ўйинлари 44 ва 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларида рўй берган. Биттасида дуранг, биттасида вакилимиз мағлубияти қайд этилган.
Бундан ташқари, ўтган йиллар давомида йирик халқаро мусобақаларда улар бир неча бор куч синашган. Ҳинд шахматчиси рейтинг кўрсаткичи бўйича март ойи ҳолатига кўра бироз орқароқда. Ҳозирда Жавоҳир ФИДЕ рейтингида 2745 очко билан 12-ўринда бораётган бўлса, Праггнанандха 2741 очко билан 13-қаторни банд этган.
Бугун ўтадиган 3-турнинг қолган баҳсларида Маттиас Блюбаум – Андрей Есипенко, Фабиано Каруана – Вэй И, Ҳикару Накамура – Аниш Гири куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, айланма тизимда 14 та турдан иборат Номзодлар турнири мусобақасининг сўнгги тури 15 апрель куни ташкил этилади.
Т.Рўзиев,
ЎзА