Жамоага яна қайтган мураббийнинг қадами қутлуғ келадими?
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати навбатдаги тур арафасида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида муҳим кадрлар ўзгариши рўй берди — бош мураббий Иван Бошкович билан ҳамкорлик якунланди. Клуб маълумотига кўра, меҳнат шартномаси ўзаро келишув асосида бекор қилинган.

Қайд этиш жоиз, черногориялик мутахассис фаолияти давомида жамоа ўйинида барқарорлик таъминланмади. Айниқса, жорий мавсумдаги натижалар кутилган даражада бўлмагани раҳбариятни кескин қарор қабул қилишга ундади. Зеро, Суперлигада ҳар бир очко турнир жадвалидаги ўринни белгилаётган бир пайтда, кечиктиришга ўрин йўқ эди.

Вазиятдан чиқиш йўли сифатида клуб синовдан ўтган вариантга мурожаат қилди — жамоа мухлисларига яхши таниш мутахассис Улуғбек Бақоев яна “Сўғдиёна” бош мураббийи сифатида иш бошлади. У аввалги фаолияти давомида жамоани Ўзбекистон чемпионатида вице-чемпионликка олиб чиққан, шунингдек, ОФК Кубогида чорак финалгача етиб борган эди. Бу натижалар ҳозиргача клуб тарихидаги энг юқори ютуқлар сифатида эътироф этилади.

Бироқ бугунги “Сўғдиёна” кечаги жамоа эмас. Таркибда янгиланишлар кўп, рақобат эса анча кучайган. Шу боис Улуғбекнинг жамоага қайтиши мухлисларда умид уйғотгани билан бирга, табиий саволни ҳам кун тартибига чиқармоқда: у жамоани яна юқори чўққиларга олиб чиқа оладими?

ФИФА кунларидан кейин Суперлиганинг 5-тур учрашувлари 2 апрель куни старт олади. Жиззахликлар ўз майдони таъмирланаётгани сабабли Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” стадионида “Қўқон-1912”га қарши баҳс олиб боради. Бу ўйин нафақат турнинг илк учрашуви, балки янги мураббий учун илк жиддий синов бўлади.

Мутахассислар таъкидлаганидек, мураббий алмашинуви қисқа муддатда жамоага руҳий туртки бериши мумкин. Аммо барқарор натижага эришиш — узоқ ва тизимли меҳнат самарасидир. Шу маънода, “Сўғдиёна” олдида турган асосий вазифа — имкониятни натижага айлантиришдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири