Ногиронлиги бўлган шахслар давлат ҳимоясида
Бугунги кунда юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ҳаётига тўлақонли интеграция қилиш, уларнинг тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитациясини таъминлаш, зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси, аввало, фуқароларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва натижадорлигида намоён бўлади. Шу сабабли ижтимоий хизматларнинг қонунчилик ва белгиланган стандартларга мувофиқ кўрсатилиши устидан самарали назоратни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилоят бошқармаси масъул ходимлари томонидан вилоят Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази фаолияти ўрганилди. Ўрганиш давомида марказда ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган ижтимоий ва реабилитация хизматларининг сифати, мавжуд шарт-шароитлар, хизматларнинг амалдаги талаблар асосида ташкил этилгани ҳамда уларнинг натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказ томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 100 нафар ногиронлиги бўлган шахс бюджет маблағлари ҳисобидан, 200 нафар фуқаро эса хўжалик, яъни пуллик бўлим орқали қабул қилинган. Шунингдек, жорий йилнинг етти ойи давомида жами 1802 та имтиёзли йўлланма – бепул ордер тарқатилган. Шундан 1402 таси Навоий вилоят бош ТИЕKга, 200 таси Бухоро вилоят бош ТИЕKга йўналтирилган. Бундан ташқари, амбулатор хизматлардан фойдаланиш учун ногиронлиги бўлган шахсларга 200 дона имтиёзли йўлланма берилган.
Марказга реабилитация курсини ўташ учун ётқизилган ҳар бир шахсга зарур тиббий кўрик ва даво муолажалари тасдиқланган тиббий, ижтимоий ҳамда касбий реабилитация стандартлари асосида амалга оширилмоқда. Хизмат олувчи марказга қабул қилинган ва марказдан чиқариладиган куни мултидисциплинар реабилитация гуруҳи томонидан кўрикдан ўтказилиши ҳам реабилитация жараёнининг индивидуал ёндашув асосида ташкил этилаётганидан далолат беради.
Энг муҳими, ўрганиш жараёнида хизмат олувчилар билан суҳбатлар ўтказилганда, улар марказда кўрсатилаётган хизматлардан мамнун эканликларини билдиришди. Фуқароларнинг таъкидлашича, бундай реабилитация марказлари уларнинг саломатлигини тиклаш, кундалик ҳаётга мослашиш ва ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, ўрганиш давомида марказ фаолиятида айрим камчилик ва такомиллаштиришни талаб қиладиган жиҳатлар ҳам аниқланди. Хусусан, касалликларни эрта аниқлаш ва аниқ диагностика қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида марказга замонавий УЗИ аппарати зарур. Мавжуд УЗИ ускунасининг эскиргани замонавий диагностика талабларига жавоб берадиган техник базани шакллантириш масаласини кун тартибига қўймоқда. Шунингдек, марказ учун янги ТМС – транскраниал магнит стимуляция аппаратини харид қилиш зарурати мавжуд. Мазкур аппарат бош суяги орқали мия пўстлоғига қисқа магнит импульсларини бериб, маълум нерв ҳужайралари фаолиятини рағбатлантириш имконини беради. Замонавий тиббий технологиялардан фойдаланиш реабилитация хизматларининг имкониятларини кенгайтириш ва хизмат олувчилар учун янада самарали муолажа усулларини жорий этишга хизмат қилиши мумкин.
Марказнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш, физиотерапия аппаратларини янгилаш ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, барча хоналарни ногиронлиги бўлган шахслар учун тўлиқ мослаштириш, пандус, лифт, тутқичлар, махсус санитария хоналари, аравача ҳаракати учун қулай йўлаклар ва замонавий реабилитация залларини ташкил этиш зарур.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай муҳит яратиш фақат бинога кириш имкониятини таъминлаш билан чекланмаслиги керак. Бу инсоннинг бинодан эркин фойдаланиши, тиббий ва ижтимоий хизматлардан мустақил равишда баҳраманд бўлиши ҳамда ўзини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ҳис этиши учун барча шарт-шароитни яратишни назарда тутади.
Ўрганиш жараёнида марказда рентген аппарати билан ишловчи ходимларнинг меҳнат шароитларига ҳам эътибор қаратилди. Ходимлар билан суҳбатда нур билан ишловчи ходимларни сут ва қатиқ маҳсулотлари билан таъминлаш масаласи тегишли тартибда белгиланган бўлса-да, амалда ушбу маҳсулотлар қарийб уч йилдан буён берилмаётганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, марказда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши, бинонинг техник ҳолати ҳамда техника ва ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиниши масалаларида ҳам айрим камчиликлар мавжуд. Аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ходимлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга тегишли топшириқлар берилди.
Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, марказда ногиронлиги бўлган шахслар учун хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Электрон қабул тизимининг жорий этилгани, мултидисциплинар реабилитация ёндашувининг қўлланилаётгани, хизмат олувчиларнинг фикри ва эҳтиёжларига эътибор қаратилаётгани ижобий натижалардир. Зеро, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитлар - жамиятнинг инсонпарварлиги ва давлат ижтимоий сиёсатининг амалий ифодасидир.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилоят бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА