Нодавлат теле ва радиоканаллар фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинди
Оммавий ахборот воситалари учун Контент тайёрлаш марказида нодавлат теле ва радиоканаллар раҳбарлари, бош муҳаррирлари, ижодий жамоалари ҳамда масъул мутасаддилар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Видеоконференцалоқа тизими орқали гибрид форматда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллий нодавлат теле ва радиоканаллар вакиллари ҳам онлайн тарзда иштирок этди.
Мулоқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти ташаббуси билан ташкил этилиб, телевидение ва радио соҳасини ривожлантириш, журналистларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда медиа соҳасини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланди.
Тадбир давомида давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида белгилаб берилган устувор вазифалар алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, соғлиғини мустаҳкамлаш, малакасини ошириш ва яшаш шароитларини яхшилаш масалалари бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.
Шунингдек, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти томонидан оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга оид янги комплекс концепция ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида мазкур ҳужжат орқали оммавий ахборот воситалари фаолиятида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, журналистларнинг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, узлуксиз малака ошириш механизмларини жорий этиш, ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш, ижодий фаолиятни рағбатлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси фаолиятини янада ривожлантириш ва унинг медиа соҳа вакиллари ҳаётидаги ўрни ҳамда нуфузини ошириш каби устувор йўналишлар назарда тутилаётгани таъкидланди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат лойиҳасининг ҳаётий ва самарали бўлиши, энг аввало, медиа соҳаси вакилларининг амалий тажрибаси, таклиф ва мулоҳазаларига таянади. Шу боис давра суҳбати очиқ мулоқот руҳида ташкил этилиб, иштирокчиларнинг фикр ва ташаббуслари тингланди.
Давра суҳбати давомида нодавлат теле ва радиоканаллар фаолиятини янада ривожлантириш, сифатли ва рақобатбардош контент яратиш, аудитория эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, рақамли платформалар билан интеграцияни кучайтириш, замонавий медиа технологияларини жорий этиш, ҳудудий теле ва радиоканаллар фаолиятида учраётган муаммолар ҳамда уларнинг амалий ечимлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини такомиллаштиришда муҳим асос бўлиши қайд этилди. Бу эса келгусида журналистларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, теле ва радио соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда мамлакатимиз медиа маконини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган давра суҳбати якунида бундай мулоқотларни изчил давом эттириш, медиа соҳасининг бошқа йўналишлари вакиллари билан ҳам учрашувлар ташкил этиш ҳамда соҳани ривожлантиришга оид таклифларни мунтазам равишда умумлаштириб бориш юзасидан келишиб олинди.
ЎзА