“Турон” метро бекатидаги ҳолат: хавфсизлик тизими қандай ишлади?
2026 йил 16 июль куни Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа йўналишида жойлашган “Турон” метро бекатида том конструкциясининг бир қисми силжиб тушиши ҳолати кузатилди.
Ҳодиса соат 14:34 да қайд этилди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида мазкур бекатда поездлар ҳаракати зудлик билан тўхтатилди, йўловчилар эвакуация қилинди ва мутахассислар томонидан техник ўрганиш ишлари бошланди. Расмий маълумотларга кўра, икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган бўлиб, уларга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бу каби ҳолатлар транспорт тизими учун нохуш воқеа ҳисоблансада, энг муҳим жиҳат — фавқулодда вазиятларда хавфсизлик механизмларининг қай даражада тез ва самарали ишлагани.
Мутахассислар фикрича, бундай ҳолатларда асосий мақсад ҳаракатни давом эттириш эмас, балки хавфни тўлиқ бартараф этгунга қадар йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.
Мазкур ҳодисадан сўнг “Қипчоқ” ва “Қурувчилар” метро бекатлари ўртасида бепул метробуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу эса йўловчиларнинг манзилига етиб боришида узилишларни камайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга техник хизматлар зудлик билан воқеа жойига етиб келди, конструкциянинг ҳолати текширилмоқда, носозлик сабаблари ўрганилмоқда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА