Нетаньяҳунинг БААга махфий ташрифи тасдиқланмади (+видео)
ВВС нашрининг хабарига кўра, Нетаньяҳу идораси ижтимоий тармоқда қисқа баёнот эълон қилган. Унда Исроил бош вазири ва Бирлашган Араб Амирликлари президенти ўртасидаги учрашув икки давлат муносабатларида “тарихий бурилиш” ясагани айтилган.
Reuters агентлиги манбасига кўра, Нетаньяҳу ва БАА президенти ўртасидаги учрашув Ўмон чегараси яқинида жойлашган Ал-Айн шаҳрида бўлиб ўтган ва бир неча соат давом этган.
Орадан кўп ўтмай БАА Ташқи ишлар вазирлиги Исроил тарқатган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, вазирлик тегишли расмийлар томонидан тасдиқланмаган “махфий ташрифлар” ёки “яширин келишувлар” ҳақидаги ҳар қандай иддао мутлақо асоссиз эканини билдирди.
Wall Street Journal нашрининг ёзишича, АҚШ–Исроил ҳарбий амалиёти давомида БАА ҳам Эронга зарбалар берган. Хусусан, Форс кўрфазидаги Лаван оролида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олинган.
Сешанба куни АҚШнинг Исроилдаги элчиси Исроил БААга “Темир гумбаз” ҳаво мудофаа тизими ва уларга хизмат кўрсатувчи ходимларни юборганини тасдиқлади.
“Темир гумбаз” — Исроилнинг ракета ва дронларни ушлаб қолиш ҳамда йўқ қилишга мўлжалланган ҳаво мудофаа тизими ҳисобланади.
Reuters маълумотига кўра, радарлар ва ракета учириш қурилмаларини ўз ичига олган ушбу тизимлар Эрон ҳужумларидан ҳимоя қилиш мақсадида юборилган.
BBC мухбирининг қайд этишича, Эрон билан уруш Исроил ва БАА муносабатларини янада яқинлаштирган ва бу алоқалар энди ҳарбий тус ҳам олган.
Шу сабаб Эрон бир неча бор БААга ракета ва дронлар учирган. Масалан, 10 май куни БАА Мудофаа вазирлиги Эрондан учирилган икки дрон ҳаво мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди.
Нетаньяҳунинг БАА президенти билан яширин учрашуви ана шу воқеалар таъсирида юзага чиққан бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.
Тахминан бир ой аввал АҚШ ва Эрон ўртасида сулҳ кучга кирган эди. Умуман олганда сулҳ сақланмоқда, аммо Эрон дунё нефть ва газ таъминотининг қарийб 20 фоизи ташиладиган Ҳурмуз бўғозини блоклашда давом этмоқда.
Бунга жавобан АҚШ Эронга қарши денгиз блокадасини жорий этган ва Теҳронни ўз шартларига кўнишга мажбур қилишга уринмоқда.
Якшанба куни Эрон урушни тугатиш шартлари бўйича АҚШга қарши таклифларини юборган. Аммо АҚШ президенти Дональд Трамп уларни “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” таклифлар деб атади ва сулҳ бузилиши мумкинлигига ишора қилди.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Ғолибоф эса Х тармоғида мамлакат қуролли кучлари ҳар қандай тажовузга жавоб беришга тайёр эканини билдирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sD-WgCpZgYw" title="Netanyahuning BAAga maxfiy tashrifi tasdiqlanmadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА