Нега Трамп Тайвань масаласида жим қолди?
“Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлаш замонавий халқаро дипломатиянинг асосий пойдеворларидан бири бўлиб қолмоқда. Дунё давлатларининг аксарияти, жумладан, Ўзбекистон ҳам расман фақат битта Хитой мавжудлигини, Тайвань эса унинг ажралмас қисми эканини тан олади. Бу позиция кўплаб халқаро ҳужжатлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорлари ва икки томонлама келишувларда мустаҳкамланган.
Ўзбекистон ҳам ушбу позицияни изчил равишда тасдиқлаб келмоқда. Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг расмий Тошкент бир неча бор Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини ва давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Ўзбекистон учун бу сиёсат халқаро ҳуқуқ, суверенитетни ҳурмат қилиш ва Осиёда барқарорлик тамойилларига мос келади.
Сўнгги йилларда Тайвань мавзуси жаҳон геосиёсатининг энг асосий масалаларидан бирига айланди. Си Цзиньпин бир неча бор Хитойнинг қайта бирлашуви масаласи мамлакатнинг ички иши эканини ва миллий суверенитет билан боғлиқлигини таъкидлаган. Пекин Тайвань мустақиллигини халқаро миқёсда тан олишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши чиқмоқда.

Биз Дональд Трампнинг Хитойга яқинда амалга оширган ташрифини алоҳида эътибор билан кузатдик. Тўғриси, мен Тайвань масаласи бўйича кескин баёнотларни кутган эдим. Аммо музокаралар ва оммавий чиқишлар давомида АҚШ етакчиси бу мавзуга доир тўғридан-тўғри изоҳ беришдан тийилди. Бу сукутни мураккаб савдо-иқтисодий музокаралар ва глобал беқарорлик шароитида Пекин билан муносабатларни кескинлаштирмасликка интилиш сифатида баҳолаш мумкин.
АҚШ ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида иқтисодий муносабатлар кучайиб бораётганига қарамай, “Ягона Хитой” тамойили ҳамон Хитой–АҚШ муносабатларининг асосий мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Вашингтон Тайвань билан норасмий алоқаларни қўллаб-қувватласа-да, расман фақат битта Хитой давлати мавжудлигини тан олади.
Бугун Тайвань масаласи Осиё-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик ва сиёсий мувозанатга таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам “Ягона Хитой” тамойилини қўллаб-қувватлаш халқаро барқарорликни сақлаш, суверенитетни ҳурмат қилиш ва Пекин билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА