"Нефтчи" мураббийи: мураккаб ўйин, Сассе ва асосий муаммо(+видео)
"Нефтчи" ОЧЛ Элитдаги иштирокини ғалаба билан бошлади. Фарғоналиклар Ироқнинг "Эйр Форс" жамоасини мағлуб этган учрашувдан сўнг бош мураббий Исломбек Исмоилов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Мутахассис баҳснинг нега мураккаб кечгани, жамоанинг ўйин давомида бир неча тактик схемадан фойдалангани ва ғалаба йўлида таваккал қилишга мажбур бўлганини тушунтирди. Исмоилов, шунингдек, янги легионер Сассега билдирилаётган эътирозларга муносабат билдириб, футболчининг ҳозирги жисмоний ҳолати, унинг жамоага мослашиш жараёни ва ундан келгусида нималар кутилаётгани ҳақида батафсил гапирди.
Бош мураббий "Нефтчи"нинг айни пайтдаги асосий муаммоларидан бири ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги тезлик етишмаслиги эканини таъкидлади. У жамоасидан тўпни шунчаки назорат қилиш эмас, имкон қадар тез олдинга ҳаракатланиб, рақиб жарима майдонида кўпроқ вазият яратишни талаб қилишини айтди.
Матбуот анжуманида Жамшид Искандеровнинг жароҳати бўйича ҳам маълумот берилди. Исмоилов футболчи даволаниш жараёнида эканини ва яқин кунларда сафга қайтиши кутилаётганини маълум қилди. Шунингдек, ФИФА кунларидаги танаффусдан жароҳат олган футболчиларни тиклаш учун фойдаланилиши, ушбу даврда бир нечта ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш режалаштирилаётгани ҳам айтилди.
"Нефтчи" бош мураббийи Исломбек Исмоилов иштирокидаги матбуот анжуманининг энг муҳим фикрлари ва учрашувдан кейинги таҳлилларини ушбу лавҳада томоша қилишингиз мумкин.
Абдубурхон Мамажанов, Карим Худойқулов, ЎзА