Назариядан амалиётга
Бугун олий таълим олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — талабага фақат диплом эмас, балки замонавий меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган амалий билим ва мустаҳкам касбий кўникма беришдир. Зеро, бугунги иш берувчи назарий билим билан бир қаторда, ишлаб чиқариш жараёнини биладиган, замонавий технологияларни эгаллаган ва муаммога мустақил ечим топа оладиган мутахассисни изламоқда.
Шу маънода мамлакатимизда таълимни ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш, ёшларга ўқиш жараёнининг ўзида касбий тажриба орттириш имконини яратишга қаратилган дуал таълим тизими тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан таълим сифатини ошириш, олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш ҳамда меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дуал таълим ана шу эзгу мақсадларни амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларидан бири сифатида шаклланмоқда.
Бухоро давлат техника университетида дуал таълим шакли бўйича дарсларнинг бошланиши ҳам мазкур йўналишдаги амалий қадамлардан биридир.
Таълимнинг ушбу шаклини янада самарали ташкил этиш, университет ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Германиянинг Кассел университети профессори Майкл Альберт Зёбиш Бухоро давлат техника университетига ташриф буюрди.


Ташриф доирасида профессор университет ректори Садоқат Сиддиқова билан учрашди. Мулоқотда дуал таълимни янада ривожлантириш, таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш ҳамда Германия тажрибасини маҳаллий шароитга мос равишда жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Профессор Майкл Альберт Зёбиш бир ҳафта давомида университет жамоаси ва ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари учун дуал таълимни ташкил этишга бағишланган семинар-тренинглар ўтказади.
Семинарнинг дастлабки куни Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова томонидан очиб берилди. Кириш сўзида университетда дуал таълимни ривожлантириш, назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштириш, шунингдек, замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда халқаро тажрибанинг аҳамияти таъкидланди.
Дуал таълимнинг энг муҳим жиҳати шундаки, талаба фақат аудиторияда билим олиб қолмайди. У ўқиш жараёни билан бир вақтда реал ишлаб чиқариш муҳитига кириб боради, замонавий ускуналар билан ишлашни ўрганади, жамоада меҳнат қилиш тажрибасини орттиради ва танлаган касбининг ҳақиқий моҳиятини амалиётда англай бошлайди.
Бу эса “диплом бор, аммо тажриба йўқ” деган муаммони бартараф этишга хизмат қилади.
Семинар-тренингларда дуал таълимнинг самарали моделлари, университет–корхона ҳамкорлигини йўлга қўйиш, талабаларни ишлаб чиқариш жараёнига интеграция қилиш, амалий кўникмаларни шакллантириш ва таълим сифатини ошириш масалалари бўйича Германия тажрибаси тақдим этилмоқда.


Хусусан, Германияда дуал таълимни ташкил этишнинг амалий механизмлари, корхоналар билан ҳамкорлик қилиш усуллари, талабанинг билим ва кўникмаларини баҳолаш ёндашувлари ҳамда таълим жараёнининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлигини таъминлаш масалалари иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.
Бу тажрибанинг аҳамияти шундаки, университет ва иш берувчи ўртасидаги алоқа оддий ҳамкорлик доирасидан чиқиб, кадр тайёрлашнинг ягона тизимига айланади.
Замонавий иқтисодиётда технологиялар жадал ўзгармоқда. Кечаги билим бугун етарли бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун олий таълим муассасалари ҳам ўз ёндашувларини доимий равишда янгилаб бориши зарур. Дуал таълим эса бу жараёнда муҳим кўприк вазифасини бажаради.
Бир томонда — университетдаги фундаментал билим, иккинчи томонда — корхонадаги реал иш жараёни. Уларнинг уйғунлиги натижасида эса назарияни амалиётда қўллай оладиган мутахассис шаклланади.
Энг муҳими, бундай тизим талабани меҳнат бозорига тайёр ҳолда олиб чиқиш имконини беради. Корхона эса ўз эҳтиёжига мос кадрни тайёрлаш жараёнида бевосита иштирок этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Кассел университети профессори Майкл Альберт Зёбишнинг Бухорога ташрифи оддий семинар ёки тажриба алмашиш тадбири эмас. У университет, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга қаратилган муҳим амалий қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири