Қизилтепада саноат зоналари кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилояти Қизилтепа туманида саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ёшларни тадбиркорликка жалб этиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ғойибон маҳалласида 5 гектар майдонда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ташкил этилган. Шундан 4,3 гектари қурилиш майдони ҳисобланади. Ҳудудда умумий қиймати 51,2 миллиард сўм бўлган 43 та лойиҳани амалга ошириш ва 290 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Саноат зонасида тадбиркорлар учун зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилган. Жумладан, газ, электр энергияси ва ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўллар асфальтланган ва шағал ётқизилган. Бу ишлар учун бюджет маблағларидан 3,217 миллиард сўм сарфланган.
Айни пайтда ҳудуддаги 17 та лотда қурилиш ишлари якунланиб, шунча лойиҳа ишга туширилган. Корхоналарда металлга ишлов бериш, металл маҳсулотлари, полиэтилен пакетлар ва пластмасса қисқичлар ишлаб чиқариш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, музлаткичли сиғимлар ташкил этиш каби йўналишлар йўлга қўйилган.
[gallery-31526]
Жумладан, “Бахтиёр нурли келажак омади” МЧЖда полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар маҳаллий бозорга етказиб берилмоқда.
Тадбиркор Дилшод Неъматов томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида эса металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.
Ҳудуддаги қолган 26 та лойиҳа бўйича ҳам қурилиш ишлари бошланган. Уларни жорий йил декабрь ойига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 та корхонага имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Туманда бошқа кичик саноат зоналарини ташкил этиш ишлари ҳам давом этмоқда. Ғойибон маҳалласи ҳудудида умумий 14,2 гектар майдонда иккита кичик саноат зонаси ташкил этилган.
Улардан бирида “HASANCHA OMADI” МЧЖ томонидан бетон ва тайёр бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, корхона ишга туширилган. Яна бир майдонда ЯТТ “Тўраев Ғанишер” томонидан брезент ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Айни пайтда мазкур кичик саноат зоналарини муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. 2026 йилда бу мақсадлар учун 5,9 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Маблағлар йўл, электр энергияси ва ичимлик суви тармоқларини яхшилашга йўналтирилади.
Инфратузилма ишлари якунлангач, бу ҳудудларда яна 26 та лойиҳани ишга тушириш ва 185 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА