Насос станциялари давлат-хусусий шерикчилигига ўтказилади
Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги энергетика ва насос станциялари бошқармаси тасарруфида бугунги кунда 45 сув насос станциялари мавжуд бўлиб, вилоятнинг 66 минг гектар экин майдонлари ушбу станциялар орқали суғорилади.
Станцияларнинг бир маромда ишлаши, сув таъминоти узлуксизлиги, мавжуд агрегатларнинг эскирган қисмларини ўз вақтида алмаштирилишига боғлиқ. Бу эса бугунги кунда катта харажатларни талаб этади. Эндиликда ушбу тизимга бозор механизмлари жорий қилинмоқда. Яъни, кластерлар эгалари давлат хусусий шерикчилик асосида сув станцияларини шартнома асосида ишлатади. Мақсад, бюджет маблағларининг шаффофлигини таъминлаш, сув исрофгарчилигига йўл қўймасликдир.

–Бугунги кунда Сирдарё вилоятидаги мавжуд 45 насос станциясининг 5 таси хусусий шерикчилик асосида фаолият юритиб келмоқда. Шу йилнинг охирига қадар яна 22 насос станцияси давлат шерикчилиги асосида хусусий секторга берилади, – дейди вилоят насос станциялари бўлим бошлиғи Дилмурод Султонов. Вилоятдаги барча насос станцияларида бўш ерлардан даромад олиш имкониятлари етарли.

Сирдарё туманида жойлашган “Машъал” насос станциясида амалга оширилган ишларни намуна сифатида кўрсатиш учун ҳудудий сув хўжалиги раҳбар ходимлари, мутасаддилар таклиф этилиб, кўргазмали семинар ташкил этилди. Семинарда айнан ушбу жараён қандай кечиши иштирокчиларга тўлиқ тушунтирилди. “Машъал” насос станцияси 6 минг гектар майдонни суғориб келади ва ушбу хўжаликда 12 нафар ишчи – хизматчи меҳнат қилмоқда. Бу йилги мавсумда 4 агрегат жорий таъмирланди. Натижада 3 миллион киловатт электр энергияси тежаб қолинишига эришилди. Бундан ташқари 5 гектар майдонда Исроил давлатининг томчилатиб суғориш технологияси асосида интенсив боғ барпо қилиниб, 4 сотих жойда иссиқхона, 1.5 гектар майдонда балиқчилик хўжалиги, 1 гектар ерда бошоқли дон парвариш қилинди.


Тадбирда соҳанинг тажрибали мутахассислари томонидан давлат шерикчилиги асосида ташкил этиладиган насос станцияларининг афзаллиги, тайёрланадиган ҳужжатлар, инвесторни топиш, ишни янги тизим асосида юритиш борасида кенг маълумотлар берилди.



–Давлат хусусий шерикчилик тизимининг афзаллик томонларини ўз кўзимиз билан кўриб, имкониятлардан оқилона фойдаланиш бўйича тажриба орттирдик. Келгусида бу ердаги намунали ишларни ўзимизда ҳам амалга ошириб, семинар ташкил қилмоқчимиз, – дейди “Нурафшон” насос станцияси бошлиғи Жўрабек Шўхбердиев. Муҳими, вилоятдаги мавжуд насос станцияларда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар энг аввало, минтақамизда сувни тежаш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик билан аҳамиятлидир.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА мухбири.