Намангандаги бир қатор бошқармаларда раҳбарлар ўзгарди
Наманган вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги таҳлилий йиғилишда вилоятдаги бир қатор бошқармаларга қўйилган янги раҳбарлар расман таништирилди.
Анваржон Ботиралиевич Ҳакимов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Мазкур тайинлов “Ўзагроинспекция” бошлиғининг тегишли буйруғи билан амалга оширилди.
Маълумот ўрнида, Анваржон Ҳакимов янги тайинловга қадар Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
***
Анварбек Абдулбоқиевич Ғаффоров Наманган вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Анварбек Ғаффоров янги тайинловга қадар Наманган вилояти Ўсимликлар карантини бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Мазкур тайинлов Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисининг буйруғи асосида амалга оширилди.
***
Дилшод Отамирзаевич Ҳожиев Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича инжиниринг компанияси” давлат муассасаси директори этиб тайинланди.

Дилшод Ҳожиев янги тайинловга қадар “Дарвоза савдо” масъулияти чекланган жамияти хавфсизлик хизмати департаментининг Фарғона водийси бўйича ходими сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Ушбу тайинлов Наманган вилояти ҳокимининг тегишли қарори асосида амалга оширилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири