Коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик иштироки қандай?
Наманганда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг ролини кучайтириш масалаларига бағишланган икки кунлик амалий тренинг бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг кичик грантлар дастури доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаш раиси Камолиддин Эшонхўжаев, Наманган вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Зулфия Ахмадхўжаева, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими Фотима Турғунбаева эътироф этишганидек, юртимизда коррупцияга қарши курашиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жойларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг салоҳиятини ошириш, уларнинг коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш борасидаги билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаш давр талабига айланмоқда.
Тренинг давомида Наманган вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари масъуллари жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари, уни амалга ошириш шакл ва механизмлари, жамоатчилик эшитувлари ва мониторингларини ташкиллаштириш, шунингдек, коррупция хавфларини аниқлаш ва давлат органлари фаолиятида жамоатчилик иштирокини таъминлаш масалалари бўйича амалий билим-кўникмаларга эга бўлишди.

– Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш фақатгина давлат органларининг вазифаси эмас, балки барчанинг ягона мақсадига айланиши керак, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Наманган вилояти бўлими раиси Икромжон Каримов. – Нодавлат нотижорат ташкилотлари халқ ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ўтайди. Айни шу сабабли, уларнинг жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасидаги билимларини ошириш ҳудудларда очиқлик ва адолат муҳитини мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилади.
Интерактив усулда, қизиқарли баҳс-мунозаралар ва савол-жавоблар руҳида ўтган семинарда иштирокчилар кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий топшириқларни бажардилар. Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, жамоатчилик эшитувлари ва мониторингини тўғри ташкил этиш бўйича реал кейслар кўриб чиқилди.
Тренинг якунида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, олинган билимлар келгусида ҳудудий даражадаги лойиҳа ва ташаббусларни самарали амалга оширишда муҳим пойдевор бўлишини таъкидладилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири