Наманганда техник мутахассислар тайёрлаш кўлами кенгаймоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти Кенгаши тизимидаги ўқув муассасаларида ҳайдовчилар ва техник касб эгалари тайёрлаш, шунингдек, ўқув-моддий базани мустаҳкамлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Вилоят Кенгаши тасарруфида 13 та ўқув-спорт техника маркази ҳамда Спортнинг техник ва амалий турлари маркази фаолият юритади. Уларда автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, техник мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган.
[gallery-30482]
2026 йилнинг иккинчи чорагида мазкур ўқув муассасалари томонидан жами 6 598 нафар тингловчи тайёрланди. Шундан 5 826 нафари ҳайдовчиликка тайёрланган ёки қайта тайёрланган бўлиб, уларнинг 3 нафари «А», 4 479 нафари «В», 843 нафари «ВС» тоифалари бўйича билим олди, 501 нафар ҳайдовчи қайта тайёрловдан ўтди.
Шунингдек, 752 нафар ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидалари бўйича малакаси оширилди. Наманган туманида 64 нафар тракторчи, Наманган шаҳри, Косонсой ва Поп туманларида 65 нафар газ ёқилғисида ишловчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиси қайта тайёрланди. Учқўрғон туманида эса 20 нафар газ-электрпайвандчи тайёрланди.
Ўқув-моддий базани мустаҳкамлаш мақсадида Поп ва Уйчи туманларидаги ўқув-спорт техника марказларида замонавий автодромлардан фойдаланилмоқда. Жорий йилнинг олти ойида Чуст, Косонсой ва Тўрақўрғон туманларида янги автодромлар қурилиши бошланди. Чуст туманида барча тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлашга мўлжалланган замонавий автодром фойдаланишга топширилди.
Сўнгги даврда ўқув муассасалари автомобиллар парки ҳам янгиланди. 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярмида 8 та KIA Sonet, 103 та Onix, 7 та Foton русумли автомобиль ҳамда 2 та тиркама харид қилиниб, ўқув жараёнига жалб этилди. Бу вилоятдаги ўқув автомобилларининг қарийб ярмини ташкил этади
«Ёшлар куни» муносабати билан Учқўрғон туманида ўтказилган очиқ мулоқот давомида Наманган давлат техника университетининг 6 нафар битирувчиси иш билан таъминланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА