Бизнес-омбудсман девонининг ярим йиллик фаолияти таҳлил қилинди
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Очиқ ва самарали мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбирда Жамоатчилик кенгаши аъзолари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилиш кун тартибидан учта асосий масала ўрин олди. Хусусан, Бизнес-омбудсман девонининг 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти атрофлича таҳлил қилинди.
[gallery-30497]
Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида 6 минг 400 та мурожаат келиб тушган. Шунингдек, «Тадбиркор виртуал офиси» орқали 3 минг 609 та мурожаат қабул қилинди. Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан 1 минг 371 та таъсир чораси қўлланилиб, судларга 24,1 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди ва 13,3 миллиард сўм маблағ ундирилди. Назорат органлари томонидан ўтказилган 104 минг 588 та текширув мувофиқлаштирилиб, 5 минг 927 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан «VI Очиқ мулоқоти»га тайёргарлик кўриш ва Республика штаби фаолияти атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 15 майдан буён 50 дан ортиқ вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Республика штаби фаолият юритмоқда. Очиқ мулоқотга тайёргарлик доирасида 17 июль ҳолатига кўра 5 минг 247 та мурожаат келиб тушган, шундан 2 минг 984 таси ҳал этилган. Масъул ташкилотлар томонидан ўтказилган 1 минг 507 та учрашувда 22 минг 900 нафар тадбиркор иштирок этди ва 8 минг 890 та таклиф ҳамда масала билдирилди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Самарқанд , Фарғона вилоятларидан келиб тушган.
Бундан ташқари, тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп масалалар молиявий қўллаб-қувватлаш, ер ва кадастр, солиқ администрациялашуви ҳамда инфратузилма тармоқларига уланиш бўйича экани кўрсатиб ўтилди. Республика штаби ҳузуридаги Эксперт гуруҳлари томонидан бизнесни тартибга солишни соддалаштириш ва ташқи иқтисодий фаолиятга оид 278 та тизимли муаммо саралаб олиниб, уларни қонунчилик даражасида ҳал этиш бўйича тегишли таклифлар пакети тайёрланмоқда.
Жамоатчилик кенгаши шунчаки муҳокама майдони эмас, балки турли соҳаларда айнан амалий тажрибага эга бўлган энг етакчи экспертларни бирлаштирган муҳим платформадир. Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича тадбиркорларни айнан нималар ташвишга солаётгани ва уларни қийнаётган асл муаммоларни бевосита соҳа ичида юрган мутахассислар тилидан эшитиш ва чуқур таҳлил қилиш жараёнига алоҳида аҳамият қаратилди.
Тадбир давомида Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклиф ва ташаббуслари алоҳида эшитилди. Иштирокчилар томонидан назорат қилувчи органлар ўтказаётган текширувлар шаффофлигини ошириш, тадбиркорларга асоссиз молиявий санкциялар қўлланилишининг олдини олиш, иқтисодиётнинг драйвер йўналишларида тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик ва имкониятлар яратиш, уларнинг фаолиятига таъсир қилиши мумкин бўлган ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтириш ҳамда Очиқ мулоқот арафасида кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун қўшимча енгилликлар яратиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш якунида Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, тегишли қарорлар қабул қилиш учун Бизнес-омбудсман девонига тақдим этилди.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА