Наманганда “Иқтидор мактаб ансамбли” танловининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрида “Иқтидор мактаб ансамбли” республика кўрик-танловининг шаҳар босқичи юқори савияда ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Танлов Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма театрида ташкил этилди.
Мазкур танлов ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни санъатга кенг жалб этиш ҳамда иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Унда иштирок этиш учун 783 та жамоа онлайн рўйхатдан ўтиб, 6264 нафар ёш сектор ва мактаб босқичларида ўзаро беллашди. Саралаш босқичлари якунларига кўра, энг сара 53 та мактаб жамоаси шаҳар босқичига йўл олди. Ушбу босқичда жами 424 нафар ўқувчи ўз маҳоратини намоён этди.
Тадбирда Наманган шаҳри ҳокими Аюбхон Камолов иштирок этиб, ёшларга омад ва муваффақият тилади. У ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш жамият тараққиётида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Иштирокчилар миллий куй-қўшиқлар ҳамда турли мусиқа асарларини жонли ижрода тақдим этди. Улар бадиий савия, саҳна маданияти ва жамоавий уйғунлик мезонлари асосида баҳоланди.
[gallery-28986]
Якунларга кўра, 31-сонли умумтаълим мактабининг “Шодиёна” ансамбли энг юқори натижани қайд этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади ҳамда вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА