Амир Темур — дунё нигоҳида
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида буюк тарихий шахслар меросини қайта англаш, уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ана шундай улуғ сиймолардан бири — Амир Темур бўлиб, унинг бой сиёсий, ҳарбий ва маънавий мероси бугун ҳам дунё олимлари ва кенг жамоатчилик эътибор марказида.
Кинематография агентлиги матбуот хизматига кўра, шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида кинотеатрлар орқали Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильмлар намойиш этилмоқда. Ушбу тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Хусусан, Испаниянинг Мадрид шаҳрида намойиш этилаётган “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильми “Тирик тарих” фильмлар дастури асосида суратга олинган. Унда Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари, ўша даврдаги сиёсий муносабатлар, маданий ҳамкорлик ва ўзаро таъсир жараёнлари бадиий ҳамда ҳужжатли асосда ёритиб берилган.
Мазкур фильм наинки тарихий воқеаларни қайта жонлантиради, балки ўша давр руҳини, халқлар ўртасидаги муносабатлар моҳиятини чуқур ҳис этиш имконини ҳам яратади.
Жорий йилнинг 17 апрель куни Америка Қўшма Штатларида юқори савияда намойиш этилган мазкур фильм Мадрид шаҳрида ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Намойишларда Ўзбекистон делегацияси — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, фильм сценарий муаллифи Хайриддин Султонов, режиссёр Ёлқин Тўйчиев, бош роль ижрочиси Жессика Майт Дросиунас ҳамда Кинематография агентлиги масъул ходимлари ва темуршунос олимлар иштирок этмоқда.
Ташрифнинг асосий мақсади ўзбек кино ижодкорлари томонидан яратилган “Тирик тарих” фильмлар дастурига киритилган “Улуғ Амир ва Донна Мария” фильмини Европанинг нуфузли маданий марказларида кенг намойиш этиш, халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва миллий тарихимизни жаҳон ҳамжамиятига янада яқинроқ танитишдан иборат.
Фильм мазмуни алоҳида эътиборга молик. Унда Соҳибқирон ҳаётининг кенг жамоатчиликка кам маълум бўлган саҳифалари ёритилган. Жумладан, асарда Амир Темурнинг Можаристон маликаси Донна Марияни Турк султони Боязид Йилдирим зулмидан озод этиши ҳақидаги воқеа бадиий талқин қилинган. Бу ҳодиса нафақат тарихий воқелик, балки рамзий жиҳатдан Европа халқларининг эркинликка интилиши, адолат ва инсонпарварлик ғояларининг ифодаси сифатида ҳам талқин этилади.
Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган намойишда Испанияда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Намойиш якунида фильм хорижлик томошабинларда катта таассурот қолдиргани, айниқса, Амир Темур шахсига бўлган қизиқиш янада ошгани таъкидланди.

Ташриф доирасида ўзбек ва испаниялик кино ижодкорлар ўртасида қатор ижодий учрашувлар ва мулоқотлар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, ёзувчи Хесус Санчез Адалид ҳамда сценарийнавис Алехандро Оливера билан учрашувлар ўтказилиб, асарнинг ғоявий мазмуни ва тарихий асослари юзасидан фикр алмашилди.
Ушбу мулоқотларда кино ва адабиёт орқали ёш авлодни маънавий тарбиялаш, умуминсоний қадриятларни тарғиб этиш, тарихий меросни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
“Улуғ Амир ва Донна Мария” фильми Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида, шунингдек, Испаниянинг Барселона шаҳри кинотеатрларида ҳам намойиш этилиши режалаштирилган.
Бундай халқаро маданий тадбирлар нафақат миллий кино санъатимизнинг ютуқларини намоён этади, балки Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини жаҳон саҳнасида муносиб тарзда тарғиб қилишга хизмат қилади.
Мадрид шаҳрида ўтказилган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми премьераси доирасида фильм ижодкорлари ҳамда бош рол ижрочилари оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, лойиҳа юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари ҳам фильм ҳақида ўзларининг илиқ ва ижобий фикрларини баён этди. Улар фильмнинг мазмун-моҳияти, тарихий аҳамияти ва бадиий ёндашувини юқори баҳолади.
Интервьюлар давомида фильм ижодкорлари ва актёрлар картинанинг яратилиш жараёни, образлар талқини ҳамда унинг халқаро аҳамияти ҳақида сўз юритиб, Амир Темур сиймосини янги қирраларда очиб беришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Шунингдек, иштирокчилар ушбу фильм Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилишини эътироф этди.
Н.Усмонова, ЎзА