Наманганда гуллар байрамига тайёргарлик қизғин
Гуллар шаҳри – Наманганда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган катта-ю кичик гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйган. Айниқса, фасллар келинчаги баҳор ойларида орасталик ва файзу баракотнинг муҳим омили сифатида маҳаллалар, ҳар бир кўча, хиёбону хонадонлар гулларга бурканади.
Наманган шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган нафосат байрамининг юбилей – 65-халқаро гуллар фестивали шу йилнинг 24 майидан 12 июлга қадар, яъни эллик кун давом этади. Эътироф этиш даркор, ўтган асрнинг олтишинчи йилларида бошланган гўзаллик намойишининг нуфузи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан янада ортди. 2018 йилдан буён ушбу туризм шодиёнаси халқаро фестиваль мақомида нафақат ҳамюртларимиз, балки юз минглаб хорижликларни ҳам бирдек ром этиб келмоқда.
Хўш, жорий йилдаги фестиваль қандай жиҳатлари билан аввалгилари билан тубдан фарқ қилади? Гўзаллик шайдолари – гул ихлосмандлари Наманганда қандай янгилик ва ўзгаришларни кузатиши мумкин? Фестиваль давомида қандай кўнгилочар тадбирлар режалаштирилган? Бу ҳақда ЎзА мухбирига Наманган вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Ботирхон Нуриддинов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Элимизнинг бунёдкорлиги, ҳамжиҳатлиги ва эстетик дидини намоён этувчи, Наманган вилоятининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланган гуллар фестивалининг шонли санаси муносабати билан Наманган шаҳри, унинг Давлатобод ва Янги Наманган туманлари бўйлаб 120 турдаги 150 миллион туп гул кўчатлари замонавий ландшафт-дизайн асосида экилди. Бундай ташаббус жаҳон жамоатчилиги эътиборини қозониб, “Бир ой давомида жамоавий тарзда энг кўп гул экиш” йўналишида Гиннеснинг рекордлар китобидан (“Guinnes World Rekords”) жой олиши кутилмоқда. Демак, рекорд даражадаги кўрсаткичда ўтқазилган гуллар 2018 йилдаги 4,5 миллион навниҳолларга нисбатан қарийб 30 баравар ўсишдир.
Фестиваль доирасида 150дан зиёд турли маданий ва маърифий тадбирлар – театр ва цирк томошалари, гала концертлар, модалар ҳафталиги, саноат ярмаркаси сингари халқаро ва республика миқёсидаги тадбирлар ўтказилади. Айтиш лозимки, сўнгги олти-етти йилдан буён жаҳон ва миллий эстрада юлдузлари ўз мусиқий дастурлари билан нафақат мамлакатимиз, балки бошқа Марказий Осиё давлатларидан фестивалга келган минглаб мухлисларига шодлик улашмоқда. Улар орасида Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг “очиқ осмон” остидаги жонли ижродаги концертини опера ихлосмандлари интиқлик билан кутишади.
Қолаверса, “Fashion day’s 2026” халқаро мода куни, спортнинг шотокан каратэдо тури бўйича халқаро очиқ турнир, аралаш жанг санъати бўйича профессионал спортчилар ўртасида “Амур Темур” халқаро турнири, “Халқаро этноспорт ўйинлар”, Олимпия ўйинлари дастурига киритилган эркин ва юнон-рум кураш турлари бўйича “Ўзбек ботирлари – Grand Prix” III халқаро турнири каби спорт мусобақалари; турли соҳалар бўйича илмий-амалий конференция ва семинарлар; катталар ва болалар учун спектакллар ҳамда цирк томошалари; аския ва кулгу кечалари; “Дунё таомлари Наманганда” гастрономик фестивали; “Лаванда сайли” ва замонавий “Дрон-шоу”лар ташкил этилади.
Шунингдек, йирик халқаро тадбирлар – “Фестиваль доирасида энг кўп экилган гул” номинацияси йўналишида “Гиннесс рекордлар китобига” кириш тадбири, “Осиё ишбилармон аёллари халқаро форуми”, “Наманган туризм салоҳияти инфлюенсерлар нигоҳида” халқаро форуми, “Ахсикент тарихи: янгича қараш, таҳлил ва тадқиқотлар” мавзуида халқаро анжуман, “Наманган III халқаро ҳунармандчилик кўргазмаси”, “Кинокарвон” лойиҳаси, “Ҳиндистон маданият кунлари” болливуд шоу сингари тадбирлар ўрин олган.
Айни кунларда вилоятимиздаги мавжуд 734 та маҳалла фуқаролар йиғини ўртасида эълон қилинган “Энг гулзор – энг обод маҳалла” кўрик-танлови” айни пайтда шаҳар ва туманларда қизғин паллага кириб бормоқда. “Наманган тажрибаси” сифатида ўтказилаётган мазкур танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчи Президент совғаси – автомашина билан тақдирланади.
“Гуллар шаҳри” таърифи фақат тантанали эмас, стратегик инвестициявий аҳамиятга ҳам эга. Шу боисдан ҳам 2026 йилги 65-Халқаро гуллар фестивалининг дастури ва тарғибот материаллари ишлаб чиқилиб, оммавий ахборот воситалари, интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кенг тарғиб этилмоқда. Жумладан, “BBC Uzbek”, “Euronews”, “Anadolu”, “Kazinform”, “Kabar”, “Ria Novosti”, “Sinxua”, “Fars news” каби ўнлаб етакчи хорижий оммавий ахборот воситаларида ушбу тадбир мунтазам ёритилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консуллик ваколатхоналари билан доимий мулоқот ўрнатилиб, халқаро туризм ярмарка ва кўргазмалари ҳамда Европа ва Осиё мамлакатарида “Халқаро гуллар фестивали” ҳақида “Road show” намойишлари ўтказилди.
Қайд этиш жоизки, ўтган йилги фестиваль давомида Наманганга 750 мингга яқин хорижий туристлар ҳамда 5 миллионга яқин маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрганди. Уларнинг асосий қисмини қўшни Қирғиз Республикасидан келган қардошларимиз ташкил этди. Бу йил ҳам ён қўшниларимиз фестивалга кўтаринкилик билан катта жамоа бўлиб, ташриф буюришни мўлжаллашган. Айниқса, Қирғизистондаги бир қатор туроператорлар Наманганга – халқаро гуллар фестивалига мўлжалланган саёҳат таклифларини илгари сурмоқда. Фестиваль бошланмасиданоқ Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясидан меҳмонларнинг ташрифи кузатилмоқда.
– Интернет ва ойнаи жаҳон орқали эфирга берилаётган гуллар байрамига доир тарғибот роликларини кўриб, дугоналарим билан бирга водий томон ошиқдик. Яқинда барпо этилган “Учқўрғон – Кенгсай” чегара маскани йўлимизни янада яқин қилди, – дейди Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилоятидан келган турист Максуда Умрзоқова. – Наманган менга бегона эмас, 1980-1982 йилларда бу ерда қишлоқ хўжалиги техникумида таҳсил олганман, ҳозирга қадар мутахассислигим бўйича иш олиб боряпман. Чиндан ҳам Наманган – гуллар шаҳри дейилганича бор экан. Бир-биридан ажойиб, кишини оҳанграбодек ўзига ром қиладиган гуллардан завқ олдик. Насиб қилса, байрам кунларида ҳам оилавий ва жамоавий бўлиб, келамиз.
Фестивалнинг йилдан- йилга нуфузи ва қамрови ошиб бораётгани нафақат туризм салоҳиятини ошириш, ўз навбатида, Наманганда хизмат кўрсатиш ҳажми ортишига хизмат қилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида сервиз ҳажми 8 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жорий йилдаги фестивалга дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларидан 1 миллиондан ортиқ хорижий ҳамда 7 миллион маҳаллий турист ва экскурсантларнинг ташрифини кутмоқдамиз.
Эътиборлиси шундаки, фестивалда фаол иштирок этганлар юбилей санаси муносабати билан “Халқаро гуллар байрамининг 65 йиллиги” эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланади.
[gallery-29561]
Дарвоқе, 65-халқаро гуллар фестивалида нафақат юртимиз, балки қўшни Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларидан ҳам тажрибали ва ҳаваскор гул етиштирувчилар иштирок этади. Ландшафт дизайни мутахассислари эса, ўз санъат намуналарини намойиш қилади. Қатнашиш истагини билдирган корхона ва ташкилотлар дизайннинг ўзига хослиги ва гулларни безаш маҳорати бўйича беллашади. Танлов ғолиблари фестивалнинг тантанали тақдирлаш маросимида автомобиль ҳамда бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Хуллас, гуллар байрами миллатлар ва халқларни бир-бирига яқинлаштириб, дўст сифатида бирлаштиради. Қолаверса, халқаро фестиваль юртимиздаги гулчилик анъаналарини, Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, инвестиция жозибадорлигини кенг тарғиб этиш ҳамда ички ва ташқи туризм ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Чунончи, Наманган гулларининг донғи дунё бўйлаб муаттар ифорини бераётгандек, жаҳон гуллари ҳам Наманган гулчилари меҳрини ҳис қилаётгандек... Зотан, осуда ва обод, фаровонлик қарор топган жойлардагина тинчлик ва бунёдкорлик рамзи – гул ва гулзорларга эътибор бўлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири