Мусулмонлар идораси вакиллигининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафари доирасида Урганч шаҳрида вилоят вакиллигининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида бино ҳудудига манзарали дарахт кўчатлари экилди. Шунингдек, вакиллик ҳовлисида барпо этилаётган боғнинг обод ва кўркам масканга айланиши ниятида дуолар қилинди.
Очилиш маросими Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Абдуллаев олиб борди.
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари йиғилганларни янги бино очилиши билан табриклаб, мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожига қаратилаётган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлади. Хусусан, ибодат учун зарур шароитларнинг яратилаётгани, ҳудудлардаги вакилликларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани, Қуръон курслари фаолияти кенгайиб бораётгани ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги хайрли ишларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Хоразм вилоятида ўтказилаётган иккинчи сайёр семинарнинг аҳамиятига эътибор қаратиб, авваллари ҳудудий вакилликларнинг ўз биноси бўлмагани, бугун эса замонавий ва муҳташам бинолар барпо этилаётганини қайд этди. Бундай имкониятлар, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик учун шукроналик билдириш ҳамда доимо дуода бўлиш лозимлигини таъкидлади.
Тадбирда сўз олган Хоразм вилояти «Нуроний» жамғармаси раиси Рустам Султонов ҳам вакиллик жамоасини янги бино билан қутлаб, яратилган шароитлар диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.


Замонавий талаблар асосида барпо этилган янги бинода вилоятдаги имом-хатиблар ва ноиблар фаолиятини самарали ташкил этиш, ўқув-семинарлари ва маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган. Жумладан, кичик мажлислар зали, ахборот-медиа фаолиятини йўлга қўйиш ва тасвирга олиш ишларини амалга ошириш учун махсус хоналар ташкил этилган.
Маросим давомида Хоразм вилояти вакиллигига янги хизмат автомашинаси топширилиши ҳам маълум қилинди.
Сафар якунида Муфтий ҳазратлари ва меҳмонлар янги бинони кўздан кечириб, ходимлар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишди ҳамда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига ижобий баҳо берди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА