"Ўзархив": Ижро интизоми ва мурожаатлардаги натижалар ва вазифалар
“Ўзархив” агентлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда ижро интизоми ҳолати юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев томонидан агентликда ижро интизомини таъминлаш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда олдимизда турган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.
2026 йилнинг ўтган 9 ойи ҳолатига агентликка қонунлар ҳамда Президентимиз ҳужжатлари билан боғлиқ жами 145 та топшириқ келиб тушган. Уларнинг 99 тасида агентлик асосий ижрочи, 46 тасида қўшимча ижрочи сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳужжатлари билан боғлиқ жами 15 та топшириқ келиб тушган бўлиб, уларнинг 5 тасида агентлик асосий ижрочи, 10 тасида қўшимча ижрочи ҳисобланади.
Муҳими, мазкур топшириқларнинг барчаси белгиланган муддатларда сифатли ижро этилган. Ижрони тасдиқловчи ҳужжатлар “Ijro.gov.uz” идоралараро ягона электрон тизимига киритилиб, назорат қилувчи органлар томонидан келишилган.
Шу билан бирга, ижро интизоми фақат ички назорат билан чекланиб қолмаяпти. Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида тегишли маълумотлар “Ўзархив” агентлигининг расмий веб-сайтига мунтазам жойлаштириб борилмоқда.
Брифингда фуқаролар ва ташкилотлар учун бевосита аҳамиятга эга бўлган мурожаатлар ва архив сўровлари билан ишлашга оид масалалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Жумладан, 2026 йилнинг 9 ойи давомида республика архивларига мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги жами 429 минг 54 та сўров келиб тушган. Уларнинг таркибига эътибор қаратсак, аҳоли учун архив хизматларининг қанчалик муҳим эканини кўриш мумкин.
Шунингдек, яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича 51 193 та, архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш, яъни электрон нусха олиш бўйича 163 та, нодавлат архив фаолияти бошланганлиги ёки тугатилганлиги тўғрисида хабарнома бериш бўйича 3 та, талабгорларни архив ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича 76 та, давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича 1 829 та сўров келиб тушган.
Эътиборли жиҳати, ушбу сўровларнинг асосий қисми электрон давлат хизматлари орқали юборилмоқда. Хусусан, 418 минг 128 та сўров Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, 10 минг 926 та сўров эса шахсан, почта ёки электрон почта орқали келиб тушган. Бу рақамларнинг ўзиёқ аҳолига архив хизматларини масофадан кўрсатиш механизмлари амалиётда кенг қўлланилаётганини кўрсатади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг бевосита мурожаатларига келсак, 2026 йилнинг 9 ойи давомида “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга 1 198 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 117 таси ариза, 81 таси шикоят туридаги мурожаат ҳисобланади. Уларнинг 715 таси агентликка, 483 таси тизим ташкилотларига келиб тушган.
Жами мурожаатларнинг 782 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали, 416 таси тўғридан-тўғри Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларга келиб тушган. Тўғридан-тўғри мурожаатларнинг 355 таси оғзаки, 25 таси ёзма, 31 таси электрон почта ва 5 таси веб-сайт орқали қабул қилинган.
Шу жумладан, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарияти томонидан ўтказилган сайёр ва шахсий қабуллар давомида 361 та мурожаат келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 672 таси қаноатлантирилган, 403 таси бўйича тушунтириш берилган, 117 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган, ҳисобот даврида 36 та мурожаат кўриб чиқилмоқда. Аҳоли билан бевосита мулоқот қилишда сайёр қабулларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, мурожаатлар билан ишлашда хато ва камчиликларга муросасиз муносабат шакллантирилмоқда. Ҳисобот даврида Агентлик тизимидаги архив муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда камчилик ҳамда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган 3 нафар раҳбар ва масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА