Мустақилликнинг миллий адабиётимизга берган улкан неъматлари
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги. 1991 йилдан буён ўтган мустақиллик даврида ўзбек миллий адабиёти мафкуравий тазйиқлардан қутилиб, том маънода миллий ўзликни англаш, бадиий эркинлик ва янгиланиш даврига қадам қўйди. Аслида истиқлол йилларида миллий адабиётимизда қўлга киритилган ютуқлар бисёр. Айниқса, янгиланишга юз тутган Ўзбекистонимизда Президент Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида миллий адабиёт соҳасида қўлга киритилган ютуқларни санаб адоғига етиш мушкул. Биз уларнинг айримларини санаймиз холос.
1. Миллий адабиётимизда «Социалистик реализм» мажбурий методи ва синфийлик тамойили бутунлай бекор қилинди.
2. Бадиий ижоднинг бош мезони ватанпарварлик, миллий истиқлол ва инсон қадрига қаратилди.
3. Миллий адабиётимизда Ислом фалсафаси, тасаввуф таълимоти ва илоҳий ишқ мавзулари адабиётга эркин қайтди.
4. Истиқлол йилларида адабиётимизда тарихий ҳақиқатнинг тикланиши қарор топди. Совет даврида сохталаштирилган тарих, амирлар, хонлар ва миллий қаҳрамонлар образи холис баҳоланди.

5. Халқ душмани деб қораланган Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир каби ижодкорлар мероси тўлиқ оқланди ва халққа қайтарилди.
6. Жадид адабиёти намояндалари ижодини тизимли ўрганиш ва нашр этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
7. Нашриётлар ва ижодкорлар устидан сиёсий назорат олиб ташланди, эркин фикрлашга йўл очилди.
8. Адабиётимизда романчилик тобора юксалди. Буюк бобокалонларимиз, жадидлар ва яқин тарихимиз ҳақида ўнлаб йирик янги романлар яратилди.
9. Ўзбек насрида модернизм, шартлилик, рамзийлик ва «онг оқими» усуллари илк бор кенг қўлланила бошланди.
10. Мустақиллик даври кишисининг руҳий дунёси, бозор иқтисодиёти шароитидаги маънавий эврилишлари роман ва қиссаларда чуқур акс этди.

11. Бадиий-фалсафий, адабий-биографик эссе жанри ўзбек адабиётида мустақил ва нуфузли йўналишга айланди.
12. Миллат, тақдир ва Яратган билан мулоқот мотивлари асосий ўринга чиқди.
13.Ўзбек шеъриятида эркин шеър, сонет, ҳаику ва танка каби жанрлар муваффақиятли синовдан ўтди.
14. Мумтоз вазн — арузда замонавий руҳдаги ғазал ва достонлар ёзиш анъанаси янги босқичда давом этди.
15. Ёш авлод вакиллари томонидан тил, шакл ва мазмунда кутилмаган метафораларга бой авангард йўналиш яратилди.

16. Саҳнада собиқ тузум тақиқлаган давлат арбоблари ва алломалар сиймоси гавдалантирилди.
17. Ўзбекситон Ёзувчилар уюшмасининг ТУРКСОЙ ташкилоти билан алоқалари йўлга қўйилди ва мустаҳкамланди.
18. Рамзий-фалсафий ва экспериментал драма жанри ўзбек театр санъатига янги нафас олиб кирди.
19. Миллий ва умуминсоний мезонларга асосланган адабиётшунослик шаклланди.
20. Алишер Навоий, Бобур ва бошқа мумтоз шоирлар ижоди диний-тасаввуфий ва ҳақиқий мазмунида тадқиқ этилди.

21. Миллий адабиётимизнинг Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуров каби йирик намояндалари “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди.
22. Мактаб ва олий таълим учун «Миллий истиқлол даври ўзбек адабиёти» фан сифатида киритилиб, янги концептуал дарсликлар яратилди.
23. Дунё адабиётининг энг сара намуналари, жумладан, Нобель мукофоти совриндорлари асарлари тўғридан-тўғри (воситачи тилсиз) ўзбек тилига ўгирилди.

24. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Чўлпон ва замонавий адиблар асарлари инглиз, француз, немис, араб ва турк тилларига юқори савияда таржима қилинди.
25. Ўзбекистон ижодкорлари хорижий фестиваллар, халқаро адабий анжуманлар ва Ёзувчилар уюшмалари анжуманларида мунтазам иштирок эта бошлади.
26. Тошкент марказида миллий адабиётимиз намояндалари хотирасини абадийлаштирувчи улкан маданий мажмуа – “Адиблар хиёбони” барпо этилди.
27. Республика бўйлаб таниқли адиблар – Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номидаги ихтисослаштирилган ижод мактаблари тармоғи яратилди.
28. «Жаҳон адабиёти» журнали ташкил этилди. Бу журнал жаҳон адабий жараёни ва таржимачилик мактабининг энг йирик марказига айланди.

29. Ёш ижодкорларнинг республика Зомин семинари ташкил этилди.
30. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан нашр этилган муҳташам ва улкан мажмуа «Туркий адабиёт дурдоналари» нашр этилди. Тўплам роппа-роса 100 жилддан (томдан) иборат. Мажмуага туркий тилли давлатлар (Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия) адабиётининг энг сара намуналари киритилган. Тўпламдан жами 450 дан зиёд мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларнинг асарлари ўрин олган. Ушбу 100 жилдлик мажмуа туркий халқлар тарихида илк бор айнан Ўзбекистонда, ўзбек тилида бу қадар йирик ҳажмда жамланиб, нашр этилди.
31. Ёзувчи ва шоирларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизими шаклланди; ижодкорлар учун янги сиҳатгоҳ ва ижод уйлари қурилди.
32. «Китобхонлик маданиятини юксалтириш» дастурлари қабул қилинди. Китобхонликни оммалаштириш бўйича давлат даражасида танловлар («Ёш китобхон») ташкил этилиб, миллионлаб ёшлар адабиётга жалб қилинди.

33. Рақамли адабиёт ва аудиокитобларни яратишга кенг йўл очилди. Миллий адабиётимиз намуналари электрон форматга ўтказилди, йирик кутубхоналар рақамлаштирилди ва аудиокитоб иловалари ишга тушди.
34. Тил ва адабиёт тадқиқоти, матншунослик ва таржимонлик йўналишида мутлақо янги ва ихтисослашган олий таълим маскани – Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.
35. Абдулла Қодирий уй-музейи, мемориал музей мажмуаси ташкил этилди.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова тайёрлади.