Мустақилликнинг 35 йили: инсон саломатлиги йўлидаги ислоҳотлар
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, тиббиёт соҳасидаги ўзгаришлар алоҳида эътиборга лойиқ. Айниқса, сўнгги ўн йиллик мамлакат соғлиқни сақлаш тизими учун туб бурилишлар даври бўлди. Бу даврда тиббиётга муносабат ҳам, уни бошқариш фалсафаси ҳам ўзгарди. Илгариги “касал бўлганда даволаш” тамойили ўрнини “касалликнинг олдини олиш, уни эрта аниқлаш ва инсонга яқин жойда тиббий ёрдам кўрсатиш” ғояси эгаллай бошлади.
Тиббиётдаги ислоҳотларни катта рақамлар, янги бинолар ёки замонавий аппаратлар билангина ўлчаб бўлмайди. Уларнинг ҳақиқий мезони – оддий инсон ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчанади. Мисол учун қишлоқда яшаётган бемор илгари мураккаб текширув учун вилоят марказига, баъзан эса Тошкентга боришга мажбур бўлган, бугун эса юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларининг катта қисми ҳудудларнинг ўзида бажарилмоқда.
Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига 230 триллион сўм йўналтирилиб, ҳудудларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга туширилган, 1 244 та муассаса реконструкция қилиниб, жиҳозланган. Бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошган, илгари асосан пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологияли диагностика ва даволаш усуллари ҳудудларга туширилган. Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Тиббиётдаги бу ўзгаришларни миллионлаб одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этмоқда, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Бу – шунчаки статистика эмас. Бу рақамлар ортида юз минглаб беморларнинг йўл азобидан, ортиқча харажатдан, вақт йўқотишдан халос бўлгани, энг муҳими, ўз вақтида тиббий ёрдам олиш имконияти пайдо бўлгани мужассам.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги энг муҳим ўзгаришлардан яна бири – бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш бўлди. Чунки замонавий тиббиётнинг энг тўғри йўли касалликни охирги босқичга етказиб, қиммат ва мураккаб операция қилиш эмас. Энг тўғри йўл – хасталикни барвақт аниқлаш. Сўнгги беш йилда тиббиётни аҳолига яқинлаштириш мақсадида ташкил этилган оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва маҳалла тиббий пунктлари сони 4 600 дан ошди. Қисқа қилиб айтганда, бу рақамларнинг ҳар бири ортида битта оддий ҳақиқат бор, шифокор инсоннинг эшигига яқинлашмоқда.
Тиббиётда ислоҳотларнинг натижасини инсон энг аввало тез тиббий ёрдамда ҳис қилади. Сўнгги йилларда бу тизимда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди. 2017 йилда мамлакатда 818 та тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолият кўрсатган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 1 766 тага етди. Тез тиббий ёрдам бригадалари 1 648 тадан 2 838 тага, реанимобиллар эса 24 тадан 510 тага кўпайди. Тизимдаги автотранспорт воситаларининг 80 фоизи янгиланди. Хизмат кўрсатиш радиуси шаҳарларда 25-30 километрдан 9-12 километрга қисқарди. Барча ҳудудларда тез тиббий ёрдамни электрон автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилди.

Қолаверса, ҳар қандай давлатнинг эртанги кунини унинг бугунги авлоди саломатлиги белгилайди. Шу маънода она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш сўнгги йилларда тиббиёт ислоҳотларининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Ҳомиладор аёлларни мунтазам назорат қилиш, пренатал ва неонатал скрининг, туғма касалликларни эрта аниқлаш, чақалоқлар саломатлигини назорат қилиш бўйича тизимли ёндашув кучайтирилди.
Шу билан бирга, бирламчи бўғинда аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни соғломлаштириш ишлари ҳам кенгайган. 8 500 нафар доянинг тиббий бригадалар таркибига киритилиши оналар ва чақалоқларга патронаж хизматини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бу ерда эътиборли жиҳат тиббиётнинг инсон ҳаётига ҳали дунёга келмасдан туриб ғамхўрлик қила бошлаганидир. Бола туғилганидан кейин даволашдан кўра, унинг соғлом туғилишини таъминлаш, туғма касалликларни эрта аниқлаш ва асоратларнинг олдини олиш тиббиётнинг энг катта ютуғи саналади.
Сўнгги ўн йилликда ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига рақамли технологиялар кириб келди. Тиббиёт ҳам бундан мустасно эмас. Электрон тиббий ҳужжатлар, электрон рецепт, электрон йўлланма, тиббий маълумотларни интеграциялаш, тез тиббий ёрдамни автоматлаштириш буларнинг барчаси битта мақсадга хизмат қилади, шифокорнинг қоғозбозлигини камайтириш ва уни бемор билан кўпроқ ишлашга яқинлаштириш.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари сифатида бирламчи тиббий ёрдамни трансформация қилиш, тиббиётни молиялаштириш тизимини ислоҳ этиш ва рақамли соғлиқни сақлашни ривожлантиришни қайд этган. Бу жараён 2018 йилдаги қонунчилик асосларидан бошланиб, 2021 йилда Сирдарё вилоятида пилот лойиҳа сифатида амалиётга киритилди. Демак, рақамлаштириш шунчаки “замонавий кўриниш” эмас. У тиббиётда қарор қабул қилишни маълумотга, назоратни аниқ мезонларга, хизматни эса бемор эҳтиёжига яқинлаштириш воситасидир.

Умуман олганда, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги – фақат ортга қараб, эришилган натижаларни санайдиган сана эмас. Бу, айни пайтда, келгуси марраларни белгилайдиган палла. Зеро, тиббиётда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти бугунги натижалар билан чекланиб қолмайди. Уларнинг асл мақсади – инсон саломатлигини муҳофаза қилишнинг янада самарали, замонавий ва аҳоли учун қулай тизимини шакллантиришдир.
Бугун тиббиёт соҳасида яратилаётган янги имкониятлар, замонавий технологиялар, рақамли хизматлар ва ҳудудларда кенгайиб бораётган юқори малакали тиббий ёрдам, аввало, инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу жараёнда тиббиётнинг марказида муассаса ёки технология эмас, инсон ва унинг саломатлиги турибди.
Албатта, олдинда ҳали қатор вазифалар бор. Тиббий хизмат сифатини янада ошириш, уни барча учун бирдек қулай ва ҳамёнбоп қилиш, профилактика ва эрта диагностика самарадорлигини кучайтириш, малакали тиббий кадрлар салоҳиятини юксалтириш, замонавий технологияларни ҳудудларга янада кенг жорий этиш – янги босқичдаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари бўлиб қолади.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,
Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири.
ЎзА