“Ишбилармон аёл – 2026” танловининг шаҳар босқичи ўтказилди
“Ишбилармон аёл – 2026” танловининг Нукус шаҳар босқичи Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Нукус шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ташкил этилди.
Танловда турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, иш ўринлари яратаётган, аҳоли бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган, шунингдек, тадбиркорликда ўз тажрибаси ва ташаббуслари билан бошқаларга намуна бўлаётган хотин-қизлар иштирок этди.
Иштирокчиларнинг фаолиятини баҳолашда нафақат тадбиркорлик кўлами, балки яратилган иш ўринлари, аҳоли фаровонлигига қўшаётган ҳиссаси, ижтимоий масъулияти, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари ҳам инобатга олинди.

Танлов якунига кўра, биринчи ўринга Ойгул Тасбаева муносиб деб топилди. Кўп тармоқли тадбиркор Ойгул Тасбаева бугунги кунда ўз фаолиятини изчил кенгайтириб, қарийб 300 та янги иш ўрни яратган. Унинг тадбиркорлик фаолияти нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбиркор учун мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантиришга яратилган имконият ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш учун кенг шароитлар яратилган. Жумладан, у мол-мулк ва ер солиғидан 2027 йилга қадар озод этилган. Шунингдек, корхонада электр энергиясидан 30 фоизлик имтиёз асосида фойдаланилмоқда.
Иккинчи ўринни Раъно Есбергенова эгаллади. Унинг тадбиркорлик фаолияти натижасида 16 та янги иш ўрни яратилган. Эътиборлиси, тадбиркор ижтимоий ҳимояга муҳтож оила аъзоларини иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу эса тадбиркорликнинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятини ҳам яққол намоён этади. Бугун Раъно Есбергенова каби ишбилармон аёллар ўз фаолияти орқали оилалар даромадини ошириш, хотин-қизларни меҳнатга жалб этиш ва маҳаллада бандликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Учинчи ўрин соҳиби эса Гулжаҳон Заримова бўлди. Ҳунармандлар уюшмаси аъзоси бўлган Гулжаҳон Заримова миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказиш билан бирга, ҳунарни барқарор даромад манбаига айлантириш борасида ҳам самарали иш олиб бормоқда. У ҳар икки ойда 5 нафар кам таъминланган оила аъзосини шогирдликка қабул қилиб, уларга ҳунар ўргатмоқда.

Аслида, “Ишбилармон аёл – 2026” танловида қайд этилган ҳар бир натижа ортида катта меҳнат, ташаббус ва изланиш мужассам. Бир тадбиркор томонидан яратилган ҳар бир иш ўрни бир оиланинг даромади, бир аёлнинг иқтисодий мустақиллиги, бир ёшнинг келажакка ишончи демакдир.
Шу маънода, танлов оддий беллашув эмас, балки хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги имкониятларини намоён этиш, уларнинг илғор тажрибасини оммалаштириш ва янги ташаббусларга кенг йўл очишга хизмат қилаётган муҳим майдондир.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк ва ташаббусни рағбатлантириш, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш доимий устувор вазифалардан бири бўлиб келмоқда. “Ишбилармон аёл – 2026” танлови ҳам ана шу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, ўз меҳнати билан янги имкониятлар яратаётган аёлларни кенг жамоатчиликка танитиш ва уларнинг тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири