Мустаҳкам оила — миллат келажаги
15 май - Халқаро оила куни
Нукусда “Оиламиз-келажагимиз” ғояси асосида ташкил этилган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Оила жамиятнинг асосий негизи, ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.
Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 494 мингдан ортиқ оила истиқомат қилади. Ҳар йили ўртача 12-14 минг атрофида янги оила қурилади. Кейинги йилларда оилавий корхона, оилавий тадбиркорлик, оилавий кредит каби атамалар ҳаётимизга кириб келди. Бу иқтисодиётимизни барқарор қилишда ҳам оилавий бўлиб тадбиркорлик қилишга, оилавий бўлиб бизнесни йўлга қўйишга ва шу орқали оила фаровонлигини таъминлашга катта эътибор берилмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам маҳаллаларда баркамол авлодни вояга етказиш ва камбағалликка қарши курашишда ибратли оилалар елкадош бўлиб келаётгани ҳар қандай юксак эътирофга муносиб. Бундай оилалар қанча кўпайса, Ватанимиз шунча кучли, халқимиз шунча қудратли бўлади!
Ибратли оила – ибратли ва адолатли жамият учун асос бўлади.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан, “Ибратли оила” кўкрак нишони таъсис этилиб, ҳар йили 15 май – Халқаро оила кунида ўз эгаларига тантанали тарзда топширилади. Бу йил 170 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Йилдан йилга ибратли оилаларнинг сафи ортиб бормоқда Шундай оилалардан бири Женисбай Танатаров оиласидир. Унинг оиласи жамиятда нафақат ўзининг аҳил ва мустаҳкам турмуш тарзи, балки саховатпеша ва бағрикенглиги билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ оилалардан. Ушбу оила бешта оилани уй-жой билан таъминлаб, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга муносиб ҳисса қўшган. Шунингдек, ўнга яқин уйнинг том қисмини янгидан таъмирлаб берди. Бундан ташқари, юзга яқин эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат ва моддий ёрдам кўрсатилиб, инсонпарварлик ва саховат намунаси намоён этилган.
Танатаровлар оиласи маҳалла ободонлигига ҳам бефарқ эмас. Улар ташаббуси билан маҳаллаларда иккита стадион (газон)барпо этилган бўлиб, бу ёшларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш, спорт билан машғул бўлишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Кейинги йилларда ёшларимиз томонидан, айрим ҳолларда ёши улуғлар томонидан ҳам оилавий қадриятларимизга, оиланинг муқаддаслигига, оиладаги тарбияга эътибор бироз сусайгандек кўринмоқда. Тўғри ҳозирги пайтда глобаллашув тезлашди, ахборот оқимлари жуда кучайди, ахборот олиш манбалари жуда кўпайди. Лекин яхши томони ҳам бор, салбий томонлари ҳам афсуски мавжуд.
Айрим оилаларда эр-хотин, фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар, яқин қариндошлар, қайин ота-оналар ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирига елкадош бўлиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, одамийлик каби инсоний фазилатларга эътибор камайганлигини кўряпмиз.
Статистик маълумотларга кўра 2026 йилнинг шу кунига қадар Қорақалпоғистонда 728 дан ортиқ оила ажрашган. Бундай ҳолатларнинг олдини олишда, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашда, ёшларни оилага тайёрлашда, фаровон оилалар сафини янада кўпайтиришда ибратли оилаларнинг ўрни алоҳида эътироф этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида “Шанарақ” нодавлат нотижорат маркази, 17 та шаҳар ва туманда “Оила ва хотин-қизлар масканлари” фаолият олиб бормоқда. Барча маҳаллаларда маҳалла раиси бошчилигида Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари тузилган.
Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам юртимизда оила деган муқаддас қўрғонни мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, садоқат ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга қаратилган эзгу ғояларни ўзида мужассам этмоқда. Зеро, аҳил ва мустаҳкам оила жамият таянчи, миллат келажаги ва маънавият бешигидир.
[gallery-29460]
Оилада ҳукм сурган меҳр, ҳурмат ва тарбия бутун жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Кўрик-танлов натижаларига кўра биринчи ўринни Чимбой тумани “Қоракўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Разбековлар оиласи, иккинчи ўринни Қонликўл тумани “Олтинкўл” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Нагметовлар оиласи, учинчи ўринни Беруний тумани “Тинчлик” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Нурмановлар оиласи эгаллади.
Танловда ғолиб бўлган оилаларга Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.