Мусиқа ва нафосат уйғунлашган оқшом
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманганда давом этаётган 65-халқаро Гуллар фестивали доирасида “Янги Ўзбекистон боғи” ёзги амфитеатрида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг “Очиқ осмон остида” номли концерт дастури бўлиб ўтди.
Маданий тадбирда бош дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон давлат академик катта театри директори Алибек Кабдурахмонов бошчилигидаги оркестр томонидан жаҳон ва миллий классик мусиқанинг сара намуналари жонли ижрода тақдим этилди.
[gallery-2978]
Юксак маҳорат ва мусиқий уйғунликка бой чиқишлар санъат мухлисларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, Женисбек Пиязов ижросида янграган машҳур қўшиқлар томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вилоят фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Кеча давомида меҳмонлар ва фестиваль қатнашчилари мусиқа ва нафосат уйғунлашган бетакрор муҳитдан завқ олди. “Очиқ осмон остида” концерт дастури маданий ҳордиқ билан бирга миллий ва жаҳон мусиқий меросини тарғиб этувчи санъат байрами сифатида иштирокчилар хотирасида қолди.
65-халқаро Гуллар фестивали юқори кайфият ва кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА