Муносиб яшаш шароитларини яратиш долзарб вазифа
Ҳар бир инсон учун қулай ва муносиб яшаш шароити бугунги ислоҳотларнинг марказида турган энг муҳим масалалардан биридир. Шу мақсадда мамлакатимизда кўп қаватли уйларни янгилаш ва инфратузилмани мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Навоий вилоятида ҳам кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш, муҳандислик тармоқларини янгилаш ҳамда аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш бўйича аниқ ишлар олиб борилмоқда.

– 2025 йилда бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан манзилли дастур асосида 417 та кўп қаватли уйда таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди, – дейди вилоят Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муяссарбек Сафаров. – Ушбу жараёнда уйларнинг том қисми, кириш йўлаклари, ертўла ва ички муҳандислик тармоқлари, фасад қисмлари таъмирланди. Шунингдек, ойна ромлари ўрнатилиб, энергия тежамкор сенсор лампалар, электр тақсимловчи шитлар ва кодли қулфли темир эшиклар жойлаштирилди. Аҳоли мурожаатлари асосида дастурдан ташқари яна 110 та кўп қаватли уйда қўшимча таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бу эса мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш ва яшаш шароитларини яхшилашга хизмат қилади.

Белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида зарур моддий-техник захиралар шакллантирилган бўлиб, қувурлар, пайвандлаш ускуналари, насослар, ойна ва қурилиш материаллари етарли миқдорда жамланган.
2026 йилда ҳам ушбу ишлар давом эттирилади. Манзилли дастур асосида 384 та кўп қаватли уйда турли хил таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда том қисмлари, кириш йўлаклари ва муҳандислик тармоқларини таъмирлаш, замонавий ва энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш назарда тутилган.

Шу билан бирга, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ишлари ҳам амалга оширилади. Жумладан, болалар майдончалари барпо этиш, умумфойдаланиш ҳожатхоналарини қуриш, ирригация тармоқларини янгилаш ва йўлакларни бетонлаш ишлари режалаштирилган.
Лифт қурилмаларини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йилда айрим кўп қаватли уйлардаги таъмирталаб лифт ускуналарини янгилаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Амалга оширилаётган бу ишлар аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани замон талаблари асосида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири