Муҳим инфратузилмавий лойиҳа
Инсоният учун энг муҳим неъматлардан бири бўлган тоза ичимлик суви нафақат аҳоли саломатлигини таъминлайди, балки ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, экологик барқарорлиги ва турмуш сифатига ҳам бевосита таъсир кўрсатади. Бугунги кунда аҳолини сифатли, хавфсиз ва узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бирига айланган.
Бу борада Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар орасида “Зарафшон” сув тозалаш ва узатиш иншоотида бошланган кенг кўламли тозалаш ва рекультивация тадбирлари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур ишлар нафақат мавжуд техник муаммоларни бартараф этиш, балки келажакда сув таъминоти тизимининг ишончли ва самарали фаолият юритишини таъминлашга қаратилган муҳим инфратузилмавий лойиҳадир.
Бир асрлик тарихга эга стратегик объект 1929 йилда фойдаланишга топширилган “Зарафшон” сув тозалаш ва узатиш иншооти қарийб юз йил давомида Бухоро вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келаётган муҳим стратегик объект ҳисобланади. Иншоот Жўйзар каналидан сув қабул қилиб, уни тозалаш ва аҳолига етказиб бериш вазифасини бажаради.
Ўтган йиллар мобайнида сувни тиндириш жараёни натижасида ҳавзалар тубида катта миқдорда лойқа, қум ва бошқа механик чўкиндилар йиғилиб борган. Мутахассисларнинг баҳолашича, умумий ҳажми 400 минг куб метр бўлган тиндиргич ўзанларида тўпланган чўкиндилар иншоот самарадорлигига маълум даражада таъсир кўрсата бошлаган.

Шу сабабли бугунги кунда мазкур ҳудудда кенг кўламли тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни пайтда объектда 20 га яқин махсус техника ва механизмлар жалб этилган. Экскаваторлар, юк ташиш техникалари ва бошқа махсус ускуналар ёрдамида йиллар давомида тўпланган чўкиндилар босқичма-босқич чиқарилмоқда.
Таҳлилларга кўра, тиндиргичларнинг чуқур ва сифатли тозаланиши сувни дастлабки қайта ишлаш жараёнининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Бу эса сувнинг тиниқлиги ва сифати яхшиланишига, фильтрация жараёнларининг самарали кечишига, энергия ва эксплуатация харажатларининг қисқаришига, иншоотнинг технологик қувватлари тикланишига, фавқулодда ҳолатлар хавфининг камайишига хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, бундай профилактик ва реконструктив ишлар ўз вақтида амалга оширилмаса, келгусида сув таъминоти тизимида қўшимча муаммолар юзага келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги ишлар эртанги барқарорлик учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.

“Зарафшон” сув тозалаш ва узатиш иншооти Бухоро, Жондор, Ромитан ва Пешку туманларида яшовчи 20 мингдан ортиқ аҳолини ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда. Демак, мазкур объектда амалга оширилаётган ҳар бир техник жараён минглаб инсонларнинг кундалик ҳаёти, саломатлиги ва турмуш даражаси билан бевосита боғлиқ. Сув сифати яхшиланиши эса аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиши, санитария ҳолати яхшиланиши ва ҳаёт сифатининг ошишига хизмат қилади.
Айниқса, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари долзарб бўлиб бораётган бугунги шароитда мавжуд сув иншоотларини модернизация қилиш стратегик аҳамият касб этмоқда.
Мазкур лойиҳани амалга оширишда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан зарур техника ва ташкилий масалалар бўйича амалий кўмак кўрсатилмоқда. Бу эса ишлар белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан бажарилишига хизмат қилмоқда.
“Зарафшон” сув тозалаш ва узатиш иншоотида амалга оширилаётган кенг кўламли тозалаш ва рекультивация ишлари оддий техник тадбир эмас. Бу — аҳоли саломатлиги, сув хавфсизлиги ва ҳудуднинг барқарор ривожланиши учун қилинган муҳим сармоядир.
Қарийб бир асрдан буён халқ хизматида бўлиб келаётган мазкур иншоот бугун янги босқичга қадам қўймоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида сув таъминоти тизимининг ишончлилиги ортади, хизмат сифати яхшиланади ва минглаб хонадонларга янада тоза, хавфсиз ичимлик суви етказиб бериш имконияти кенгаяди.
Энг муҳими, бу каби лойиҳалар инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва келажак авлодлар учун мустаҳкам инфратузилма яратиш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири