“МТРК” — “Мустақиллик кубоги” ғолиби
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида илк бор ташкил этилган мини-футбол бўйича “Мустақиллик кубоги” мусобақаси ўз якунига етди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда мамлакатимиз футбол ассоциацияси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақанинг сўнги кунида “O‘zA” — “Sevimli TV” жамоалари учинчи ўрин учун кураш олиб бораган бўлса, “MTRK” ҳамда “Renessans” бош соврин учун финал баҳсида қатнашди.

“O‘zA” — “Sevimli TV” ўртасидаги ўйинда 0:2 ҳисоби қайд этилди. Натижада “Sevimli TV” жамоаси учинчи ўриндан жой олиб, медаль ва 10 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
“MTRK” ҳамда “Renessans” жамоалари ўртасидаги финал ўйини 4:1 ҳисобида якунланди. Шу тариқа, “MTRK” мазкур ғалаба эвазига “Мустақиллик кубоги” билан биргаликда 25 миллион сўм пул мукофоти ва медаллар билан тақдирланди. Дарвоқе, мусобақанинг иккинчи поғонасидан жой олган “Renessans” футболчиларига 15 миллион сўм пул мукофоти берилди.

“Мустақиллик кубоги”нинг тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов сўзга чиқиб, мусобақа ғолиб ва совриндорларини қутлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА