Мозий мероси: Ўзбек заминидаги қимматбаҳо тошлар тарихидан
Инсоният тарихининг энг қадимги даврларидан бошлаб нафақат бойлик ва зийнат, балки бутун бошли салтанатлар қудрати, савдо йўлларининг йўналиши ва илмий тафаккурнинг юксалишини ўзида акс эттирган жавоҳирлар Турон тамаддунида алоҳида ўрин тутади.
Жавоҳирлар – ўзига хос ранг, ялтироқлик, қаттиқлик ва жилоланиш каби хусусиятлари туфайли юқори қадрланадиган нодир минераллар. Улар ўз қийматига кўра шартли равишда турли синфларга ажратилади. Биринчи синфга олмос, ёқут, сапфир ва зумрад каби энг нодир тошлар кирса, кейинги ўринларда александрит, асл опал, аквамарин, топаз, феруза ва аметист кабилар туради. Сунъий усулда қирраланиб, сайқал берилган олмос эса гавҳар номини олади.
Инсоният бу тошларга ишлов бериш сирларини минг йиллар давомида такомиллаштирган. Қадимда олмосни қирралаш дастлаб Ҳиндистонда йўлга қўйилган бўлса, бундан 4000 йил аввал Хитойда нефритдан нафақат безаклар, балки пичоқ ва болта каби меҳнат қуроллари ҳам ясалган. Ўрта асрлар Европасида жавоҳирларга сайқал бериш асосан уларнинг табиий қирраларини тозалаш ва асл ҳолича сақлашдан иборат бўлган. 1456 йилда голландиялик Лодевейк ван Беркем томонидан олмосни олмос кукуни билан қирралаш усулининг кашф этилиши бу соҳада инқилоб ясади ва бошқа қаттиқ тошларни қайта ишлашга кенг йўл очди. 1725 йилда эса Санкт-Петербургда махсус жилолаш фабрикасининг очилиши бу жараённи саноат даражасига олиб чиқди.
Марказий Осиё тарихида жавоҳирларнинг аҳамияти Амир Темур ва Темурийлар даврида ўзининг юксак чўққисига чиқди. Бу даврда қимматбаҳо тошлар энди фақатгина бойлик белгиси эмас, балки марказлашган давлат қудрати, салтанатнинг буюклиги ва эгасининг юксак мақомини тасдиқловчи муҳим сиёсий рамзга айланди. Соҳибқироннинг ўзи йирик ва ноёб тошларга алоҳида қизиқиш билан қараган. Тарихнинг кинояси шундаки, дунёнинг энг машҳур “ёқут”ларидан иккитаси – Британия тожидаги 170 каратлик “Қора шаҳзода ёқути” ва 361 каратлик “Темур ёқути” аслида ёқут эмас, балки Бадахшон лаъли (шпинель) эканлиги асрлар ўтиб аниқланган. “Темур ёқути”га ўйилган ёзувлар унинг Амир Темурдан Шоҳжаҳонгача бўлган бир неча ҳукмдорларга тегишли бўлганини кўрсатиб, тошнинг нафақат моддий, балки тарихий солнома сифатидаги бебаҳо аҳамиятини тасдиқлайди. Темурийлар меъморчилигида ҳам Самарқанддаги мақбаралар ва саройлар деворларини қимматбаҳо тошлар билан безаш анъанаси кенг қўлланган.
Минтақа жавоҳирлар тарихига нафақат уларни ишлатиш, балки чуқур илмий тадқиқ этиш билан ҳам улкан ҳисса қўшган. Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний ўзининг XI асрда яратилган “Китоб ул-жамоҳир фи маърифат ал-жавоҳир” (“Жавоҳирларни билиш бўйича маълумотлар китоби”) асари билан жаҳон минералогия фанига тамал тошини қўйди. Беруний ушбу асарида 50 дан ортиқ минерал, металл ва қотишмаларни тавсифлаган. У ҳар бир тошнинг номи, келиб чиқиши, конлари, физик хоссалари, айниқса солиштирма оғирлигини ўта юқори аниқликда ўлчаш усулларини батафсил баён қилган. Олимнинг бу иши тошларнинг қийматини уларнинг ноёблиги ва гўзаллиги билан бирга физик хоссаларига боғлаган илк фундаментал тадқиқот эди. Бу Берунийнинг ўз давридан бир неча аср илгарилаб кетган илмий ёндашувидан далолат беради.
Жавоҳирлар табиатда турли хил мураккаб геологик жараёнлар натижасида ҳосил бўлади. Олмос ва пироп каби тошлар магний ва темирга бой магманинг кристалланишидан, зумрад, топаз ва турмалин эса гранитли пегматитларнинг совишидан пайдо бўлади. Опал, аметист ва феруза кабилар минераллашган эритмалардан кристаллашса, ёқут ва сапфир кабилар метаморфизм, яъни тоғ жинсларининг юқори ҳарорат ва босим остида ўзгариши жараёнида юзага келади. Бундай конлар дунё бўйлаб нотекис тарқалган. Жанубий Африка, Мадагаскар, Бразилия ва Колумбия олмос, зумрад ва бошқа тошларга бой бўлса, Осиёда Хитой нефрити, Эрон ва Афғонистон феруза ва ложуварди, Ҳиндистон, Шри-Ланка ва Таиланд эса ёқут ва сапфир конлари билан машҳур.
Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон замини ҳам қадимдан қимматбаҳо тошларга бой бўлган. Қизилқум, Султон Увайс ва Қурама тоғларидаги феруза конлари, Писком тоғидаги малахит ва аметист, шунингдек, Қурама ва Султон Увайсдаги родонит захиралари бунинг яққол далилидир. Аждодларимиз бу ноёб ер ости бойликларини шунчаки қазиб олиш билан чекланмай, уларга бетакрор сайқал бериб, заргарлик ва меъморчилик дурдоналарига айлантира олган. Айнан шунинг учун ҳам бу тошлар бугунги кунда тарихий усталаримизнинг юксак диди, қудрати ва интеллектуал салоҳиятидан сўзловчи моддий маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА