Москва ва Ереван муносабатлари совуқлашмоқда (+видео)
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Россия ҳарбийлари мамлакатдан чиқиб кетиши мумкинлигини айтди, деб хабар берди TRT канали.
Бош вазир Никол Пашиняннинг айтишича, агар Россия ўз ҳарбийларини Арманистондан олибчиқмоқчи бўлса, буни амалга ошириши мумкин.
«Арманистон бу масалани ҳеч қачон кўтармаган. Россия — бизнинг дўстона муносабатда бўлган давлатларимиздан бири. Агар улар ҳарбий базасини олиб кетишмоқчи бўлса, буни амалга оширишлари мумкин, биз қарши эмасмиз. Агар қолишни хоҳлашса, бизга керак бўлмаган базани сақлаб қолиш шартларини муҳокама қилишга тайёрмиз», — деди Пашинян.
Пашинян, шунингдек, агар ташкилотга аъзо давлатлар шундай хоҳиш билдирса, Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқарилиши мумкинлигини айтди. 2024 йил февраль ойида Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини тўхтатган эди. 2026 йил май ойида эса ташкилот фаолиятини молиялаштиришдан воз кечди. Россиянинг 102-ҳарбий базаси Арманистоннинг Гюмри шаҳрида жойлашган. Базани жойлаштириш бўйича дастлаб 25 йилга тузилган келишув 2010 йилда узайтирилиб, унинг амал қилиш муддати 2044 йилгача белгиланган.
Расмий маълумотларга кўра, базанинг асосий вазифаси Арманистонга ташқи таҳдидлардан ҳимояланишда ёрдам бериш. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ҳам базанинг Арманистонда кейинчалик қолиши ёки қолмаслиги масаласини Ереван ҳал қилиши кераклигини айтган эди. Бироқ Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу базани қисқартиришга бирор асосни кўрмаётганини билдирган.
Сўнгги бир неча йилда Москва ва Ереван муносабатлари кескинлашиб қолди. Май ойидан бошлаб Россия Арманистондан келадиган турли маҳсулотларга чекловлар жорий қила бошлади. Биринчи чекловлар Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан бироз олдин жорий қилинган. Пашинян партияси сайловда ғалаба қозониб, Ереван Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза берганидан кейин эса чекловлар сони яна кўпайган. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи Арманистон учун савдо имтиёзларини кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу чоралар натижасида Арманистон экспортининг қарийб 80 фоизи божхона божларидан озод қилиниши мумкин. Шунингдек, Арманистон савдони кучайтириши ва уни турли бозорларга йўналтириши учун 18 миллион евро маблағ олади. Шу вазиятда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистондан Европа Иттифоқи ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасида қайси йўлни танлаш бўйича референдум ўтказишни талаб қилди. Ереван эса, ўз навбатида, ўз маҳсулотларини бошқа бозорларга, жумладан Европа бозорига кўпроқ чиқаришга ҳаракат қила бошлади.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев.ЎзА