Дўстлик тарғиботи
Бухоро вилояти азалдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган, маданиятлар уйғунлашган ҳудуд сифатида эътироф этилади. “Офтоби Сўғдиён” тожик-форс миллий маданий маркази ана шу бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, қардош халқлар миллий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш йўлида фаолият юритмоқда.
Марказ фаолиятида миллий қадриятларни сақлаш билан бирга, уларни замонавий ижтимоий-маданий ҳаёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йил марказ учун сермазмун тадбирларга бой бўлмоқда.

Жумладан, йил аввалида ўтказилган санъаткор Ҳикмат Ражабовнинг 75 йиллик юбилейига бағишланган маънавий кечада марказ ижодкорлари фаол иштирок этиб, миллий куй-қўшиқлар ижроси билан томошабинларда катта таассурот қолдирди. “Мавриги” ансамбли чиқишлари ҳам тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Шунингдек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, жумладан, Бухородаги дўстлик уйида ташкил этилган маданий кечалар марказ аъзолари иштирокида ўтказилди. Бу тадбирлар буюк алломалар меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Бугунги кунда “Офтоби Сўғдиён” тожик-форс миллий маданий маркази нафақат миллий маданият тарғиботчиси, балки миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Қайд этилганидек, марказ томонидан ўтказилаётган ҳар бир тадбирда турли миллат вакилларини бирлаштириш, тинчлик ва барқарорлик ғояларини тарғиб этиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА