Миллий тасвирий ва амалий санъатимизни тақдим этувчи халқаро лойиҳа
Жорий йил 20-24 апрель кунлари Бадиий академия ташаббуси билан Тошкент шаҳри ва республикамиз бўйлаб Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Бадиий академиясида фестиваль олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Бадиий академия мутасаддилари томонидан халқаро санъат фестивалини ўтказиш тўғрисида ахборот берилди.
Бадиий академия раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов мамлакатимизда санъат равнақига кейинги йилларда тобора кўпроқ эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги, 2020 йил 21 апрелдаги тегишли қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 апрелдаги баёни ижросини таъминлаш мақсадида Бадиий академия ва қатор вазирлик, ташкилотлар, хорижий дипломатик ваколатхоналар ҳамкорлигида республикамиз бўйлаб ўтказилади.
Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали миллий санъатимиз, бой меросимизни тарғиб этиш, ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитиш, ижодий алмашинув, янги истеъдодларни юзага чиқариш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш, замонавий тасвирий ва амалий санъатда кечаётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Фестивалда Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар, усталарнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, маҳорат дарслари, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, халқаро илмий конференциялар, олий ва ўрта, ихтисослашган ва умумий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари (кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар кўриги) намойиши ташкил этилади.
Бу йил маҳаллий ижодкорларимиз қаторида Хитой Халқ Республикаси, Жанубий Корея, Туркия, Франция, Руминия, Россия Федерациясидан ва ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо давлатлардан рассомлар қатнашаяпти.
Томошабинлар пойтахтимизда 9 та хорижий лойиҳани кўришлари мумкин. Булар Корея Республикаси Кемёнг университети профессор ва талабалари бадиий дастури, Хитой Халқ Республикасининг Хубей нафис санъат институти кўргазмаси, Ланчжоу университети кўргазмаси, туркиялик Буржу Гюнайнинг замонавий санъатга оид шахсий кўргазмаси, франциядан Эрик Гурланнинг Орол денгизи мавзусида фотокўргазмасидир.

Шунингдек, Россиядан Ирина Коваленко лойиҳаси асосида “Арт-Караван” ижодий гуруҳи кўргазмаси, ТУРКСОЙ рассомларининг учрашуви ва “Ягона руҳ, турфа ранг” номли гуруҳ кўргазмаси, руминиялик машҳур ҳайкалтарош Константин Бранкуши хотирасига бағишланган фотокўргазма (Румния), Koреянинг Kемёнг университетининг ёшлар ўртасида “Санъат ва маданият” мавзусидаги II халқаро ижодий танлови кўргазмаси ҳам мухлисларга тақдим этилади.
5 кун давомида Тошкент шаҳри ва республикамиз бўйлаб фестиваль давомида бошқа кўргазма ва маҳорат дарслари, учрашув ва илмий конференциялар, икки томонлама меморандумлар имзолаш маросимлари бўлиб ўтади.
Фестивалда Бадиий академия тасарруфидаги санъат мактаблари, мактаб-интернатларидан ташқари тасвирий ва амалий санъат йўналишига эга Республика ихтисослаштирилган мактаб ва олийгоҳларидан иқтидорли ёшлар, рассомлар ҳам иштирок этади.
Фестиваль дастурига мувофиқ, маданий ҳордиқ сифатида меҳмонлар Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги бунёдкорлик ва диққатга сазовор жойлар билан таништирилади.
Вилоятларга Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо академиклар, рассомлар, усталар сафарбар этилади, улар маҳорат дарслари ўтади.
Бу йил ҳам “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати танлови ғолиблари эълон қилиниб, тақдирланади, иштирокчилар кўргазмаси тақдим этилади.
Тошкентдаги тадбирлар Марказий кўргазмалар залида, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида, Тошкент фотосуратлар уйида, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида, Республика ихтисослаштирилган дизайн мактабида ва Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида ҳамда Бадиий академиянинг «Академия» галереясида ташкил қилинади.
Матбуот анжуманида медиа соҳаси вакиллари саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири