“Сўзмунчоқ” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти
Бугун китоб тарғиботига молиявий тузилмалар ҳам фаол ҳисса қўшмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган VI Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Адабиёт” нашриётида “Сўзмунчоқ” рукни остида чоп этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Асакабанк” ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Сайфиддин Окановнинг “Тошлоқ кўчалар”, Баҳодир Баҳромнинг “Гулимоҳ”, Ирода Умарованинг “Гарашалик кўнгил”, Анвар Ботирнинг “Уч”, Навоийлик Алишернинг “Бурч”, Юлдуз Ўрмонованинг “Ахтарим”, Бобур Элмуродовнинг “Тажоҳул ул-Ориф”, Равшан Ҳақмуроднинг “Ҳадик” ва Наргиза Асадованинг “Қушлар саловати” китоблари тақдимоти бўлди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Миллий кутубхона директорининг ўринбосари Насиба Холдорова ва бошқалар “Сўзмунчоқ” лойиҳасининг моҳияти, унинг ғояси ва ёш ижодкорларни рағбатлантиришдаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
“Сўзмунчоқ” рукни остида чоп этилган китоблар билан танишиб, ёш шоирлар ижодининг ранг-баранглиги, шеърлар жамиятимизнинг барча соҳаларига дахлдорлиги, долзарб мавзуларнинг поэтик маҳорат билан эътироф этилгани, юртимиз жамоли кучли ҳис-ҳаяжон ва катта меҳр билан тараннум этилганини англаш мумкин.

Н.Усмонова, ЎзА