Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?
Мамлакатимизда ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, узлуксиз таълим тизимида ягона ғоявий тарбияни шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат фазилатларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб барча таълим ташкилотларида “Келажак соати” машғулотлари йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа 11,8 миллион нафардан ортиқ ўқувчи ва талабани қамраб олган бўлиб, машғулотлар 389 минг нафар педагог томонидан олиб борилмоқда. Дарсларни юқори сифатда ташкил этиш мақсадида юзлаб сценарийлар, видеодарслар ва методик материаллар тайёрланиб, рақамли платформа орқали барча таълим муассасаларига етказилмоқда.
Шу билан бирга, мамлакат бўйлаб “Хавфсиз мактаб” муҳити жорий этилди. Ёшларни гиёҳвандлик, зўравонлик, эрта никоҳ ва бошқа ижтимоий хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган профилактик механизмлар кучайтирилди. Бу эса таълим муассасаларида соғлом маънавий муҳитни таъминлаш ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида деярли барча умумтаълим мактабларида “Ватан таянчи”, “Жасорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилди.
Илк бор Ўзбекистоннинг Миллий тарбия модели ишлаб чиқиляпти. Ушбу модель доирасида ёшларда миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат, миллий ғурур, ватанпарварлик, фаол фуқаролик, қонунга ҳурмат, танқидий фикрлаш, медиа саводхонлик ва ахборот хавфсизлиги бўйича барқарор компетенцияларни шакллантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Шунингдек, “Тарбия” фани мазмуни Миллий тарбия модели асосида қайта такомиллаштирилмоқда. Илғор халқаро тажрибалар чуқур таҳлил қилиниб, янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларида ватанпарварлик, миллий қадриятларга садоқат, ижтимоий одоб ва фаол фуқаролик каби асосий компетенциялар устувор йўналиш сифатида мустаҳкамланмоқда.
“milliytarbiya.uz” платформаси орқали педагоглар, ўқувчилар ва ота-оналар учун ягона рақамли методик муҳит шакллантирилмоқда. Платформада замонавий видеоконтентлар, электрон дарсликлар, методик қўлланмалар, подкастлар, интерактив материаллар ва тарбиявий мониторинг воситалари босқичма-босқич жойлаштирилмоқда.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида айтиб ўтилди. Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Каримованинг “Таълим ташкилотларида ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўровига жавоби кўриб чиқилди.
Мажлисда вазирлик томонидан таълим ташкилотларида ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтириш бўйича мамлакатимизда Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилиб, мазкур масала ижроси доимий парламент ва депутатлик назоратида бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Якунда парламент сўровига вазирнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА