Капитал бозорида янги молиявий воситалар муомалага киритилади
Мамлакатимизда капитал бозорини ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Илк бор ипотека облигациялари муомалага чиқарилди ва капитал бозорида тартибга солиш режими жорий этилди. Натижада капитал бозорининг асосий кўрсаткичларида барқарор ўсиш таъминланди. Жумладан, акциялар эмиссияси (акциядорлик жамияти томонидан янги акцияларни чиқариш ва уларни инвесторларга таклиф қилиш) ҳажми 2024 йил якунидаги 214 триллион 700 млрд. сўмдан 2025 йилда 265 триллион 100 млрд. сўмга етган. 2026 йил 1 июль ҳолатига эса 269 триллион 400 млрд. сўмни ташкил этди.
Амалдаги “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонун капитал бозорининг замонавий босқичларини тўлиқ қамраб олмайди. Хусусан, молия воситалари турлари чеклангани, ислом молияси тамойилларига мувофиқ, сукук каби молия воситаларини чиқаришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмагани, шунингдек, ваколатли органнинг назорат ваколатлари қимматли қоғозлар бўйича халқаро ташкилот принципларига тўлиқ мос эмаслиги мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасидан мақсад — мамлакатимизда капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва замонавий молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини яратишдан иборат.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан аҳоли ва инвесторлар учун янги молиявий воситалар, хусусан, сукук — ислом облигациялари, барқарор ривожланиш облигациялари, қопланган ва секьюритизацияланган облигациялар муомалага киритилади. Шунингдек, инвесторлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизими кучайтирилади ҳамда бозор инфратузилмаси фаолияти тартибга солиниб, капитал бозорининг инвестициявий жозибадорлиги оширилади.
Шунингдек, лойиҳада инвесторларни жалб қилиш, корпоратив бошқарув сифатини ошириш ва компаниялар томонидан ахборотларни очиқ-ошкор қилиш талабларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Бозорни назорат қилувчи орган (регулятор) ваколатларини Қимматли қоғозлар комиссиялари бўйича халқаро ташкилот (IOSCO) тамойилларига мувофиқлаштириш ҳамда Марказий депозитарий, рейтинг агентликлари фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгаяди, замонавий ва жозибадор инвестиция воситалари пайдо бўлади. Инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниб, янада қулай ва очиқ-шаффоф муҳит яратилади, инвестицияларни кенг жалб қилиш имконияти ҳамда капитал бозорининг рақобатбардошлиги ошади.
М.Комилова,
ЎзА