Миллий спорт ўйинлари хотин-қизларни бирлаштирди
Оқолтин туманида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида «Миллий спорт ўйинлари — саломатлик ва аҳиллик пойдевори!» шиори остида спорт мусобақаси ташкил этилди.
Оқолтин туманида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида «Миллий спорт ўйинлари — саломатлик ва аҳиллик пойдевори!» шиори остида спорт мусобақаси ташкил этилди.
Оқолтин тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда спорт мактаби ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда туманнинг турли маҳаллаларидан 60 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Мусобақа нафақат спорт беллашуви, балки иштирокчиларнинг ўзаро мулоқоти, тажриба алмашиши ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш майдонига айланди.


Тадбирнинг асосий қисми волейбол ва миллий спорт турларидан бири бўлган арқон тортиш бўйича баҳсларга бағишланди. Жамоалар ўзларининг чаққонлиги, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий бирдамлигини намоён этиб, қизғин рақобат муҳитини юзага келтирди.
– Хотин-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши нафақат уларнинг саломатлигини мустаҳкамлайди, балки ўз кучига бўлган ишончини оширади, ҳаётга фаол муносабатини шакллантиради. Бундай тадбирлар орқали маҳаллаларда соғлом муҳит қарор топиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирлик туйғуси янада кучаяди. Шу боис бу каби мусобақаларни мунтазам ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Оқолтин тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева.

Мусобақа якунларига кўра, волейбол бўйича «Аҳиллик» маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринни эгаллади. «Кўркам диёр» маҳалласи жамоаси иккинчи, «Бўстон» маҳалласи жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Арқон тортиш баҳсларида «Кўркам диёр» маҳалласи жамоаси ғолиб деб топилди. «Саховат» маҳалласи жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, «Бўстон» ва «Аҳиллик» маҳаллалари жамоалари учинчи ўринни бўлишиб олди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Фаол иштирокчиларга ҳам ташаккурнома ва рағбатлантирувчи совғалар топширилди.
Энг муҳими, беллашувлар давомида ғалабадан ҳам муҳимроқ қадриятлар — бирлик, аҳиллик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити намоён бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири