“Миллий саноат занжири” –янги ҳамкорликлар майдони
Оҳангарон шаҳридаги саноат зонасида "Миллий саноат занжири” кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Икки кун давом этадиган кўргазма Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Электрон кооперация портали ҳамкорлигида ташкил этилди. Шу билан бирга, тоғ-кон саноати ва металлургия йўналишида ўтказилиб, унинг доирасида тоғ-кон ва геология соҳасига оид юқори технологик маҳсулотлар, саноат стартаплари, илмий ишланмалар ҳамда истиқболли лойиҳалар намойиш этиляпти.

Очилиш маросимида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров, Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов, Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқарув раиси Абдулла Хурсановлар сўзга чиқиб, мазкур ташаббуснинг аҳамияти, кўзланган мақсадлар ҳақида ўз фикрларини билдирди. Қайд этилганидек, ҳудудларда маҳаллий контентни кенгайтириш, кафолатли харид шартномалари ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари кенгаймоқда.

Шу туфайли бу тадбирда ҳам “Навоий КМК” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоиуран” ДК, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбеккўмир” АЖ каби йирик саноат корхоналари, шунингдек, 90 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи ўз стендлари билан иштирок этяпти. Бундан ташқари, 500 дан ортиқ корхона вакиллари кўргазмада стендсиз иштирок этиб, саноат кооперацияси ва ҳамкорлик имкониятлари билан танишмоқда.

Кўргазмада ОКМК ва бошқа корхоналар томонидан юзлаб импорт маҳсулотлари намойиш этилган бўлиб, шунингдек, комбинат томонидан патентланган дастурий таъминот маҳсулотлари ҳам таклиф қилинмоқда.

— Бундан ташқари, тоғ-кон саноати ва металлургия йўналишидаги юқори технологик маҳсулотлар, саноат стартаплари, илмий ишланмалар ҳамда истиқболли лойиҳалар намойиш этилди, — дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бўлим бошлиғи Обиджон Хуррамов. — Шунингдек, маҳаллий контентни кенгайтириш, “шатакка олиш” тизими орқали саноат кооперациясини ривожлантириш, кафолатли харид шартномалари ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари тақдим этилмоқда. Ўз навбатида бу жараёнларга қизиқиш катта. Муҳими, бу галги кўргазмада тоғ-кон саноати олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари ва Фанлар академияси вакиллари ҳам жалб қилинди. Улар ишлаб чиқарувчилар билан бирга соҳадаги янгилик ва ташаббусларни кўриб чиқади. Кўргазма якунида 10 га яқин меморандумлар, 30 га яқин шартномалар имзоланиши режалаштирилган.

Тадбир давомида маҳаллийлаштиришга тайёр маҳсулотлар, саноат эҳтиёжлари ҳамда ҳали ўзлаштирилмаган йўналишлар юзасидан тақдимотлар ўтказилади. Йирик саноат корхоналари томонидан импорт қилинаётган маҳсулотлар ва уларни маҳаллийлаштириш имкониятлари юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Кўргазмада B2B ва B2G учрашувлари ташкил этилиб, тадбиркорлар, йирик саноат корхоналари, тижорат банклари ҳамда давлат ташкилотлари ўртасида музокаралар олиб борилади.

Тижорат банклари томонидан саноат лойиҳаларини молиялаштириш бўйича мавжуд имкониятлар ва таклифлар тақдим қилинди.Кўргазма доирасида тадбиркорлар ва саноат корхоналари ўртасида амалий ҳамкорликни янада қулай ташкил этиш мақсадида қатор янги интерактив ечимлар ҳам жорий қилинди. Хусусан, кўргазма ҳудудида махсус “Touch panel” тизими ишга туширилиб, у иштирокчилар учун интерактив навигация вазифасини бажарди.
Ушбу тизим орқали кўргазмада иштирок этаётган корхоналар ҳақида батафсил маълумот олиш, уларнинг фаолият йўналишлари билан танишиш ҳамда павилондаги жойлашувини аниқлаш имконияти яратилди. Шунингдек, тадбир доирасида мурожаатларни қабул қилиш ва тадбиркорларнинг муаммоларини жойида кўриб чиқиш мақсадида махсус B2G стенди фаолият юритди.
Ҳар бир павильонда жойлаштирилган QR-кодлар орқали иштирокчилар мурожаат ва таклифларини электрон шаклда юбориш ҳамда уларнинг ижросини телеграм бот орқали кузатиш имкониятига эга бўлди.Кўргазма ҳудудида ўрнатилган интерактив экранда эса тадбир доирасида эришилган келишувлар, ҳамкорлик натижалари ҳамда имзоланган шартномалар суммаси ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида намойиш этиб борилди.
А. Мусаев, ЎзА